
1 Октябрдан нималар ўзгаради?
Солиқ ставкалари ўзгаради
- Айрим ишлаб чиқариладиган алкоголь ва тамаки маҳсулотлари турларига солиқ ставкалари оширилади. Тафсилотлар тегишинча бу ерда ва бу ерда;
- цемент (клинкер) ишлаб чиқарувчилар учун фойда солиғининг ставкаси 20 дан 15%гача пасайтирилади.
ҚҚС суммаларини ҳисобга олишнинг янги тартиби жорий этилади
- Экспорт қилинадиган товарлар ишлаб чиқарувчиси Ўзбекистондаги банк ҳисобварағига чет эл валютаси тушуми келиб тушишидан қатъи назар кирувчи ҚҚСни ҳиcобга олиши мумкин.
Янги солиқ ва маъмурий енгилликлар
Қуйидагилар бекор қилинади:
- қатъий белгиланган миқдордаги ЖШДС тўловчиси бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан солиқ органларига солиқ ҳисоботини топшириш мажбурияти;
- алоҳида тайёр импорт истеъмол товарларининг божхона декларацияси расмийлаштирилган санадан кейин 12 ой ўтгач сотувга қўйилиши ҳамда чакана савдода реализация қилинишига қўйилган тақиқ;
- давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бир қатор назорат функциялари.
Экспортни қўллаб-қувватлаш
- Экспортни рағбатлантириш агентлиги йиллик экспорт ҳажми $20 млн дан ошган корхоналарга бир марталик молиявий ресурслар $5 млн гача миқдорда тақдим этишни бошлайди. Ресурслар экспорт билан боғлиқ савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш кредитлари учун тижорат банклари орқали бир йилгача муддатга тақдим этилади;
- охирги 12 ой давомида $1 млн дан ортиқ тайёр тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилган корхоналар асосий ва ёрдамчи ишлаб чиқариши учун бутловчи буюмлар, хом ашё ва материаллар олиб киришда божхона тўловларини тўлаш бўйича фоиз ҳисобланмаган ҳамда уларнинг тўланишини таъминлаш талаб этилмаган ҳолда 120 кунга тўловни кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) имкониятига эга бўлишди;
- юқори сифат ва назорат тизимига эга мамлакатлардан сертификатланган ва декларацияланган асбоб-ускуна, бутловчи қисмлар, хом ашё, ўлчов воситалари, кимёвий реагентлар, кўтариш мосламалари ва транспорт воситалари импортида миллий сертификат олиш талаби бекор қилинади.
Божхона соҳасида янгиликлар
- ДБҚнинг Тошкент, Сирдарё, Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари бўйича бошқармаларида тоифадан ташқари мақомга эга бўлган масофавий электрон декларациялаш божхона постлари очилади. Улар ТИФ иштирокчилари томонидан тақдим этилган электрон БЮДнинг масофавий божхона расмийлаштирувини амалга оширади;
- чегара божхона постларидаги инспекцион кўрик мажмуалари (рентген) билан ишлаш гуруҳлари ходимларига зарарли меҳнат шароитлари учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан лавозим маошининг 40%и миқдорида ҳар ойлик устама берилади.
Инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш
- Инвесторнинг қиймати 200 млрд сўмдан ошадиган, унинг ўз маблағлари улуши 25%дан кам бўлмаган лойиҳалари зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан таъминланади.
Электрон онлайн-аукционларни ўтказишнинг янги қоидалари
- Аукцион натижалари бўйича пул маблағлари «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази» ДУКнинг махсус ҳисобрақамида йиғилади ва аукцион ғолиби томонидан объект қабул қилинганлиги тасдиқлангандан сўнг, улар буюртмачи ҳисобрақамига ўтказилади.
28.09.2021
14:52