
Аҳолини профилактик эмлаш бўйича қонун хужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан ЎРҚ-705-сон 2021 йил 2 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонуни имзоланди.
Қонун билан Меҳнат кодекси ва “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонунларига қўшимчалар киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 113-моддасининг учинчи қисмига кўра, ходим карантинли ва одам учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди мавжуд бўлган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг қарори асосида қонунчиликда белгиланган тартибда жорий этиладиган профилактик эмлашдан ўтишни рад этган тақдирда (соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатма мавжуд бўлмаганда) иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли.
Ўзбекистон Республикаси “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонунига кўра, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди мавжуд бўлган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг қарори асосида аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш жорий этилиши мумкинлиги белгиланди.
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
09.08.2021
16:25