11.05.21

Андижон шаҳрида ўқув семинарларни муваффақиятли тамомлаган 3-гуруҳ ёшларига сертификатлар топширилди.

11.05.21

Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарини ташкил қилиш тартиби белгиланди

10.05.21

Давлат корхоналари билан тадбиркорлик субъектлари ўртасида юзага келган низолар келишув йўли билан ҳал этилмоқда.

8.05.21

ССП Раиси томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳ Хоразм вилоятининг туманларида бўлди.

8.05.21

Савдо-саноат палатаси ишчи гуруҳи томонидан ҳудудларда ўрганишлар олиб борилмоқда.

28.05.21 - 28.05.21

Ишлаб чиқаришда гендер хилма-хиллиги

27.05.21 - 29.05.21

Тўқимачилик ва мода саноати

27.05.21 - 29.05.21

Ишлаб чиқариш технологиялари. Ёғочга ишлов бериш. Мебель ва аксессуарлар.

27.05.21 - 28.05.21

Атроф-муҳит, соғлиқни сақлаш ва хавфсизликни бошқариш бўйича 8-Шимолий минтақалараро танлови (EHS)

26.05.21 - 28.05.21

Ҳиндистон ва Африка бўйича CII-EXIM банки конклавининг 16 лойиҳаси шериклиги

23.01.17

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги

20.01.17

Министерство Минобороны Республики Узбекистан И активный

10.05.16

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги

11.12.15

Россия Федерацияси

11.12.15

Украина

Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида

“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 813 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.

Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Фаолиятни бошлаш ёки тугатиш учун ваколатли органни хабардор этиш тартиби тўғрисидаги ягона низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори (ID-24646) лойиҳаси  жамоатчилик экспертизасидан  ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:

1. Лойиҳа 4-бандида Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 июлдаги “Тунги вақтда фаолият юритувчи умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектларда жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 624-сонли қарорининг 3-бандига ўзгартиришлар киритиш белгиланган.

Унга кўра, умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектлар раҳбари томонидан ушбу қарорнинг 2-бандида белгиланган талаблар бажарилганлиги ҳақида ҳудудий ички ишлар органларига белгиланган тартибда хабарнома юборилиши;

тунги вақтда фаолият юритаётган умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектлар томонидан мазкур қарорнинг 2-бандида назарда тутилган талаблар бузилса, Фаолиятни бошлаш ёки тугатиш учун ваколатли органни хабардор этиш тартиби тўғрисидаги ягона низомда белгиланган тартибда уларнинг тунги вақтда фаолият юритиш ҳуқуқи ички ишлар органлари томонидан тўхтатиб турилиши ва тугатилиши мумкинлигини белгилаш назарда тутилган.

Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ–6044-сонли Фармонида умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектлар фаолиятини ваколатли органни хабардор қилиш тартибида амалга оширилиши белгиланмаган.

Мазкур Фармонда фақатгина умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголь маҳсулотларини сотиш фаолиятини бошлаганлик ёки тугатганлик ҳақида Давлат солиқ қўмитасига хабарнома юборилиши белгиланган.

Кўриниб турганидек, юқоридаги нормада асоссиз равишда яна бир хабардор қилиш турини жорий этиш назарда тутилган.

Бундан ташқари, 624-сонли қарорнинг амалдаги нормалари ва бошқа қонунчилик нормалари ўртасида ўзаро номувофиқликлар мавжуд.

Хусусан, мазкур қарор 3-бандида тунги вақтда фаолият юритаётган умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектлар раҳбари томонидан ушбу қарорнинг 2-бандида белгиланган талаблар бажарилганлиги ҳақида ҳудудий ички ишлар органларига тегишли маълумот тақдим этилиши белгиланган.

Аммо, бу фаолият амалдаги қонунчилик талабларига кўра, рухсат бериш тартиб-таомиллари тадбиқ этиладиган фаолият тури эмас.

Умуман олганда, амалдаги бирор-бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатда умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектларнинг тунги вақтда фаолият юритиши тақиқланмаган. Қарорда эса, рухсат берилиши назарда тутилган.

Шу сабабли, амалиётда кўплаб тадбиркорлик субъектларининг мазкур масала юзасидан мурожаатлари келиб тушмоқда.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳа 4-бандида Вазирлар Маҳкамасининг 624-сонли қарори 3-бандини лойиҳа билан чиқариб ташлашни назарда тутиш ҳамда лойиҳа иловасига 31-иловани чиқариб ташлаш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

2. Лойиҳа иловаси 3-банди 3-хатбошига кўра, “хабардор қилувчи – ўз фаолиятини (ҳаракатни) бошлаганлик ёки тугатганлик тўғрисида ваколатли органни хабардор қилган ва хабарномалар реестрига киритилган жисмоний ёки юридик шахс”, - деб белгиланган.

Бунда, хабардор қилувчининг хабарномалар реестрига киритилган бўлиши белгиланган.

Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ–6044-сонли Фармонига кўра, хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолият жумласига фаолиятни бошлаш ёки ҳаракатни амалга ошириш учун ваколатли орган томонидан қарор қабул қилиниши талаб этилмайдиган фаолият турлари киради ҳамда хабарнома юбориш орқали жисмоний ва юридик шахслар хабардор қилиш тартиби жорий этилган фаолият ёки ҳаракатни амалга ошириш учун қонун ҳужжатларида белгиланган талаб ва шартларга мувофиқ эканликларини тасдиқлайди.

Кўриниб турганидек, хабардор қилиш тартибида ваколатли органнинг қарори юридик аҳамиятга эга эмас, шунингдек, хабардор қилувчи хабарнома юбориш орқали белгиланган талаб ва шартларга мувофиқ эканлигини тасдиқлайди.

Бунда, хабардор қилиш тартибида тадбиркорлик субъекти ваколатли органни хабардор қилган вақтдан бошлаб фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади.

Шу билан бирга, хорижий тажрибада, жумладан Қозоғистон Республикасининг “Рухсатнома ва хабарномалар тўғрисида”ги Қонуни 46-моддаси 4-бандида ариза берувчи тегишли хабарномани юборганидан сўнг фаолиятни ёки маълум ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳада мурожаат этувчи ваколатли органга хабарнома юборган вақтдан бошлаб фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга эканлигини белгилаш, шунингдек юқоридаги нормани қуйидагича баён этиш лозим:

“хабардор қилувчи – ўз фаолиятини (ҳаракатни) бошлаганлик ёки тугатганлик тўғрисида ваколатли органни хабардор қилган жисмоний ёки юридик шахс”.

3. Лойиҳа иловаси 4-банди 3-хатбошига кўра, “Хабарнома ЯИДХП ёки “Лицензия” АТ орқали қабул қилинган вақтдан бошлаб ваколатли орган хабардор қилинган ҳисобланади”, - деб белгиланган.

ПФ–6044-сонли Фармон талабига кўра эса, фаолиятни бошлаганлик ёки тугатганлик ҳақида ваколатли органни хабардор қилиш учун хабарномалар юбориш ва хабарнома қабул қилинганлиги тўғрисида тасдиқномалар олиш назарда тутилган.

Лойиҳа иловасида ушбу тасдиқномаларнинг дарҳол юборилишини назарда тутмаслик эса, амалиётда турли ноаниқликларни келтириб чиқариши мумкин.

Шу сабабли, юқоридаги нормани қуйидаги таҳрирда баён қилиш тавсия этилади:

“Хабарнома ЯИДХП ёки “Лицензия” АТ орқали қабул қилинган вақтдан бошлаб ваколатли орган хабардор қилинган ҳисобланади ҳамда хабарнома қабул қилинганлиги тўғрисида тасдиқномалар дарҳол юборилади”.

4. Лойиҳа иловаси 6-бандига кўра, “Хабардор этиш тартибида фаолиятни (ҳаракатни) амалга ошириш бўйича талаблар ва шартларни қўпол бузишга доир ҳолатлар паспортларда белгиланади”, - деб кўрсатилган.

Бироқ, Паспортларда талаблар ва шартларни қўпол бузишга доир ҳолатлар келтириб ўтилмаган.

Бу эса, ҳуқуқни қўллаш амалиётида турли ноаниқликлар ва тушунмовчиликларни ҳамда қийинчиликларни келтириб чиқариши мумкин.

Шу боис, Паспортларда фаолиятни (ҳаракатни) амалга ошириш бўйича талаблар ва шартларни қўпол бузиш ҳолатларини аниқ белгилаш лозим.

5. Лойиҳа иловаси 8-бандига кўра, “Хабарномани юборишда амалга оширилиши режалаштирилаётган фаолият тури танланади ва тегишли фаолият тури учун ушбу Низомнинг 2-33-иловаларига мувофиқ паспортларнинг 6-бандида назарда тутилган маълумотлар киритилади (юкланади)”, - деб белгиланган.

Бироқ, ушбу Низомнинг 2-4, 12-, 16-18, 31- ва 33-иловалари 2-бандларида хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолият турларини ўз ичида яна “фаолият турлари” сифатида ажартиш назарда тутилган.

Бу эса, амалга оширилиши учун хабардор қилиниши лозим бўлган фаолият турининг алоҳида бир соҳаси учун ҳам алоҳида бир хабарнома талаб қилинишига олиб келиши мумкин.

Мисол учун, лойиҳа иловасининг юқоридаги бандига кўра, хабарномани юборишда фаолият тури танланади. Низомнинг 12-иловасидаги Геодезия ва картография фаолиятининг паспорти 2-бандида Хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолият турлари сифатида геодезия ва картография соҳасидаги 25 та фаолият тури келтирилган. Бунда, мазкур 25 та фаолият турларини амалга ошириш учун алоҳида-алоҳида хабардор қилиниши керак, деган нотўғри тушунча келиб чиқиши мумкин.

Аммо, ПФ–6044-сонли Фармон талабига кўра, геодезия ва картография фаолиятини бошлаганлик ёки тугатганлик ҳақида битта умумий хабарнома берилади, яъни бунда ушбу фаолият турининг соҳалари учун алоҳида-алоҳида хабарнома шарт эмас.

Шу боис, Низомнинг юқорида келтирилган иловалари 2-бандларининг “Хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолият турлари”, деб номланиши биринчи навбатда, бюрократик тўсиқ ва коррупция ҳолатларига шароит яратиб берадиган, ҳуқуқни қўллаш амалиётида коллизияларни келтириб чиқарадиган ҳолат сифатида баҳоланиши лозим.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳада келтирилган Низомнинг 2-4, 12-, 16-18, 31- ва 33-иловалари 2-бандлари номини қуйидагича баён қилиш мақсадга мувофиқ:

“Хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолият тури доираси”.

6. Лойиҳа иловаси 10-бандига кўра, “Хабардор қилувчи хабарномани юбориш вақтида ушбу Низомга 2-33-иловаларидаги паспортларнинг 9-бандида назарда тутилган талаблар ва шартларни бажаришини ва уларга мос келишини тасдиқлаши лозим”.

Бироқ, Низомнинг 2-3-иловаларидаги паспортларнинг 9-бандида фаолиятни амалга ошириш талаблари ва шартлари келтирилмаган.

Бу эса, амалиётда турли тушунмовчиликларни келтириб чиқариши мумкин.

Шу сабабли, мазкур иловалар 9-бандларида ҳам талаб ва шартларни келтириш ёки бундай талабларнинг мавжуд эмаслигини кўрсатиш тавсия этилади.

7. Лойиҳа иловасининг 18-19-бандларига кўра, қуйидагилар белгиланган:

“18. Хабардор қилувчининг фаолияти қуйидаги ҳолатларда муайян муддатга тўхтатилиши мумкин:

ваколатли органнинг ташаббуси билан;

фаолиятни тугатиш тўғрисида иш судда кўриб чиқилиб, иш юзасидан чиқарилган ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунга қадар.

19. Ваколатли орган қуйидаги асосларда хабардор қилувчининг фаолиятини ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатиши мумкин:

фаолият паспортининг 9-бандида назарда тутилган талаблар ва шартлар бузилганлиги аниқланганда;

меҳнат муносабатларида “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексидан фойдаланиш бўйича талаб бузилганда.

Бунда, ваколатли орган томонидан хабардор қилувчининг фаолиятини ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатиш асослари сифатида фаолиятни амалга ошириш талаблари ва шартларини бузганлик ҳолатлари келтирилган.

Аммо, лойиҳа иловасининг 29-бандида ҳам паспортда белгиланган талаблар ва шартлар бузилганлиги аниқланган тақдирда суднинг қарорига асосан фаолиятнинг тугатилиши белгиланган.

Кўринадики, айнан бир хил ҳолатлар хабардор этиш тартибидаги фаолиятни тўхтатиш ва тугатиш асослари сифатида белгиланган.

Бу эса, амалиётда турли ноаниқликларни келтириб чиқариши, битта ҳолатни турлича талқин қилинишига олиб келиши мумкин.

Бундан ташқари, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддаси 2-қисмига кўра, “Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туриш суд тартибида амалга оширилади, фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун бошқа ҳақиқий хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш ҳоллари бундан мустасно”.

Бунда, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни юқоридаги ҳолатлардан ташқари барча тўхтатиб туришлар суд тартибида амалга оширилиши белгиланган.

Хабардор қилиш тартиби рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатга нисбатан осон ва енгил тартиб бўлишига қарамасдан, юқоридаги нормаларда хабардор қилувчининг фаолиятини тўхтатиб туриш ваколатли орган томонидан амалга оширилиши белгиланган.

Бу эса, амалдаги тартибни янада оғирлаштиришни назарда тутган ҳолда, ҳозирги кунда амалга оширилаётган ислоҳотларга мазмунан зид ҳисобланади.

Шу боис, лойиҳа иловасининг юқоридаги нормаларини қуйидаги таҳрирда баён қилиш мақсадга мувофиқ бўлар эди:

“18. Хабардор қилувчининг фаолияти қуйидаги ҳолатларда муайян муддатга тўхтатилиши мумкин:

ваколатли органнинг ташаббуси билан мазкур Низомда назарда тутилган ҳолларда;

фаолиятни тугатиш тўғрисида иш судда кўриб чиқилиб, иш юзасидан чиқарилган ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунга қадар.

19. Ваколатли орган ташаббуси билан қуйидаги асосларда хабардор қилувчининг фаолиятини ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатиши мумкин:

фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун бошқа ҳақиқий хавф юзага келишининг олдини олишда”.

8. Лойиҳа иловаси 28-бандига кўра, “Хабардор қилувчи ваколатли органнинг фаолиятини тўхтатиш қарори ва камчиликлар бартараф этилмаганлиги тўғрисидаги далолатномаларига нисбатан дастлаб ушбу Низомнинг 6-бобида белгиланган тартибда маъмурий шикоят тақдим этиши мумкин”, - деб белгиланган.

Бунда, хабардор қилувчи ваколатли орган ҳаракатларидан норози бўлганда, дастлаб маъмурий шикоят тақдим этиши назарда тутилган.

Бу эса, тадбиркорлик субъектларининг амалдаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқларини чеклайди.

Ваҳолангки, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун 50-моддасига кўра, “Тадбиркорлик субъектлари давлат органлари ва бошқа органларнинг қонунга хилоф қарорлари, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан ўз хоҳишига кўра бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёки мансабдор шахсга ёхуд бевосита судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга”, - деб белгиланган.

Шу боис, юқоридаги нормани қуйидаги таҳрирда баён қилиш тавсия этилади:

“Хабардор қилувчи ваколатли органнинг фаолиятини тўхтатиш қарори ва камчиликлар бартараф этилмаганлиги тўғрисидаги далолатномаларига нисбатан маъмурий шикоят тақдим этиш ёхуд бевосита судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга”.

9. Лойиҳа иловаси 36-бандига кўра, “Фаолиятни тугатиш тўғрисида даъво ариза судда кўриб чиқилиб, иш юзасидан чиқарилган ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунига қадар хабардор қилувчининг фаолияти тўхтатиб турилади”, - деб белгиланган, шунингдек бундай мазмундаги норма лойиҳа иловасининг 18-банди 3-хатбошида ҳам келтирилган.

Бироқ, бунда тадбиркорлик субъектининг манфаатлари умуман инобатга олинмаган.

Зеро, амалиётда тадбиркорнинг фаолияти суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунга қадар асоссиз равишда тўхтатиб турилган бўлса, яъни фаолиятни тўхтатиш асослари тасдиқланмаса, бунда ҳеч бир асоссиз тадбиркор фаолиятини тўхтатилиши натижасида у зарар кўради ва бу зарар давлат томонидан ёки ваколатли орган томонидан қоплаб берилмайди. Бу, ўз навбатида, тадбиркорлик субъектининг манфаатларига жиддий зарар етказади.

Шу боис, фаолиятни бундай тўхтатиб туриш ҳам суднинг қарори ёки ажрими асосида амалга оширилишини назарда тутиш мақсадга мувофиқдир.

10. Лойиҳа иловаси 40-бандига кўра, “Хабарномалар реестрига киритилган ҳамда фаолиятини амалга ошираётган хабардор қилувчиларнинг талаблар ва шартларга риоя этилиши ваколатли орган томонидан назорат қилинади”, - деб белгилан.

Бунда, назорат қилиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилиши назарда тутилмаган. Ваҳолангки, амалдаги қонунчиликда назорат ва текширишларни амалга оширишнинг аниқ талаблари белгиланган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, шунингдек, амалиётда мазкур нормани турлича талқин қилинишининг олдини олиш мақсадида, ушбу нормадаги “ваколатли орган томонидан” сўзларидан кейин “қонунчиликда белгиланган тартибда” сўзларини киритиш лозим.

11. Лойиҳа иловасининг 44-45-бандларига кўра, “Хавфни таҳлил этиш” тизими асосида ўтказиладиган текширишлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилиши, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ва жисмоний шахсларнинг маълумотлари асосидаги текширишлар эса, белгиланган тартибда текширувларни мувофиқлаштирувчи ваколатли орган билан келишилган ҳолда амалга оширилиши белгиланган.

Ваҳолангки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил
27 июлдаги ПФ-5490-сонли Фармони 1-иловасида хавф-таҳлили натижалари асосида ўтказиладиган текширувлар ваколатли орган билан келишилган ҳолда ўтказилиши аниқ белгиланган.

Шу боис, юқоридаги текширувларнинг барчасини ваколатли орган билан келишилган ҳолда амалга оширилиши белгилаш лозим.

12. Лойиҳа 60-банди 2-хатбошига кўра, “Хабардор қилувчи хабарномалар реестрига киритилганлиги бўйича тасдиқномани ЯИДХП ёки “Лицензия” АТдаги шахсий кабинети орқали исталган вақтда чекланмаган тарзда юклаб олиши мумкин”, - деб белгиланган ва Низом 1-иловаси билан Тасдиқнома шакли тасдиқланган.

Мазкур Хулосанинг 2-бандида келтирилган асосларни инобатга олган ҳолда, бундай тасдиқномаларни ва у билан боғлиқ нормаларни лойиҳадан чиқариб ташлаш зарур.

13. Лойиҳа иловаси (кейинги ўринларда Низом)нинг 2-3-иловалари 6-бандларида ноширлик ва матбаа фаолияти бўйича ихтисослашувни кўрсатиш назарда тутилган.

Мазкур Хулоса 4-бандида келтирилган асосларни инобатга олган ҳолда, юқоридаги бандлардан ноширлик ва матбаа фаолияти бўйича ихтисослашувни кўрсатиш талабини чиқариб ташлаш лозим.

14. Низом 4-иловаси 6-банди 5-кичик бандига кўра, хабарномани юбориш учун талаб этиладиган маълумотлар сифатида Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида малака ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича хизмат кўрсатишда Кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш фаолиятини бошлаганлик ҳақида хабарнома қабул қилинганлиги бўйича тасдиқнома рақами ҳам белгиланган.

Бунда, бюрократик тўсиқ ва ғовларни, ҳаддан ташқари тартибга солиш юкини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида коллизияларни келтириб чиқарувчи талаблар назарда белгиланган. Яъни, битта фаолиятни амалга ошириш учун иккита хабардор қилиш тартибидан ўтиш лозимлиги назарда тутилган.

Ваҳолангки, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари фаолиятини хабардор қилиш тартибида амалга ошириш ўз ичига Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳаси мутахассисларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш ихтисослигини ҳам қамраб олади ҳамда ушбу фаолиятни олиб бориш учун яна бир қўшимча хабарнома юборилганлигини тасдиқлаш зарурати йўқ.

Шу боис, Низом 4-иловаси 6-бандидан 5-кичик бандни ҳамда 9-бандидан 3-кичик бандни чиқариб ташлаш зарур.

15. Низом 6-иловаси 9-банди 2-кичик бандига кўра, хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятнинг талаблари ва шартлари сифатида “Фаолиятни амалга ошириш учун қуйидаги минимал шароитларни яратиш:

Савдо зали 10 м2, жумладан: истеъмолчиларга хизмат зонаси 5 м2, иш ўринлари зонаси 5 м2;

Тиббий буюмлар учун хона (филиали бўганда) – 4 м2;

Ҳожатхона билан қўл ювиш мосламаси – 2 м2 бўлиши талаби ҳам белгиланган.

Офтальмология тиббий буюмларини чакана реализацияси (оптика) лицензия олинган ҳолда амалга оширилган эски тартибда ҳам бундай талаблар белгиланмаган.

Демак, бунда талабларни янада оғирлаштириш назарда тутилган.

Шу сабабли, Низом 6-иловаси 9-бандидан 2-кичик бандни чиқариб ташлаш зарур.

16. Низом 13-иловаси 9-банди “д” кичик бандига кўра, хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятнинг талаблари ва шартлари сифатида:

“24 кв.м.дан кам бўлмаган хизмат хонаси;

24 кв.м.дан кам бўлмаган асбоб-ускуналарни ва техник воситаларни сақлаш учун хона ёки махсус ажратилган жой”га эга бўлиши талаби ҳам белгиланган.

Ёнғинга қарши автоматика воситаларини, қўриқлаш сигнализацияларини, ёнғиндан дарак берувчи ва қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш сигнализацияларини лойиҳалаштириш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензия олинган ҳолда амалга оширилиши белгиланган эски тартибда хизмат ва техник воситаларни сақлаш хонасига бундай талаблар белгиланмаган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 октябрдаги 880-сонли Қарори билан тасдиқланган низом 1-иловасига кўра, мазкур фаолиятни амалга оширишда лицензиат:

“ходимларнинг ишлаши учун бинога;

сигнализациянинг техник воситаларини ва ёнғинни ўчириш қурилмаларини ҳамда асбобларни сақлаш учун бинога (ёки ажратилган жойга)” эга бўлиши талаб этилган.

Яъни, бунда бино ва хизмат хоналари майдонининг ҳажми қатъий белгиланмаган.

Кўриниб турибдики, юқоридаги нормада талабларни янада оғирлаштириш назарда тутилган.

Шу боис, ушбу нормаларни, шунингдек, Низом 14-иловаси 9-банди “д” кичик бандидаги шу мазмундаги нормаларни юқоридаги эски тартибда амалда бўлган нормаларга мослаштириш лозим.

17. Низом 13-иловаси 9-банди “к” кичик бандига кўра, хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятнинг талаблари ва шартлари сифатида:

“фаолият (ҳаракат) давомида ҳар бир объектда ёнғинни автоматик тарзда ўчириш ёки ёнғин сигнализация қурилмаларини ва бошқа ёнғинга қарши автоматика воситаларини монтаж ишларнинг бошланиши тўғрисида ҳудудий Давлат ёнғин назорати (кейинги ўринларда – ДЁН) органларини ёзма равишда хабардор қилишлари шартлиги талаби ҳам белгиланган.

Ёнғинга қарши автоматика воситаларини, қўриқлаш сигнализацияларини, ёнғиндан дарак берувчи ва қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш сигнализацияларини лойиҳалаштириш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензия олинган ҳолда амалга оширилиши белгиланган эски тартибда ҳам бундай талаблар белгиланмаган.

Демак, мазкур норма ҳам талабларни оғирлаштиришни назарда тутади ва бу амалга оширилаётган ислоҳотларга зиддир.

Шу сабабли, Низом 13- ва 14-иловалари 9-бандларидан “к” кичик бандларни (мазмунан бир хил бўлганлиги сабабли) чиқариб ташлаш зарур.

18. Низом 26-иловаси 9-банди 12-кичик бандига кўра, хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятнинг талаблари ва шартлари сифатида “таълим ташкилотидаги хоналар ҳамда ҳар бир таълим олувчи ёки ходимлар учун ажратиладиган минимал майдон ўлчами:

– дарс машғулотлари учун:

тўгарак машғулотлари хонаси – ___ м2 (хонанинг умумий майдони – ___ м2);

устахона – __ м2 (устахонанинг умумий майдони – __м2);

студия ва индивидуал машғулотлар хонаси умумий майдони – __ м2;

умумназарий ва умумтаълим лаборатория хоналари – __м2;

компьютер зали – __ м2;

– спорт зал (таълим олувчилар сонига кўра) – 12,0х24,0 м; 18,0х36,0 м” бўлиши талаби ҳам белгиланган.

Кўриниб турганидек, бунда ҳам таълим ташкилотидаги хоналарнинг майдон ўлчамини қатъий белгилаш назарда тутилган.

Бироқ, бунда майдон ўлчамлари кўрсатилмаган. Бу эса, мазкур майдон ўлчамларининг келишилмаган ҳолда, турлича белгиланишига олиб келиши мумкин.

Шу боис, юқоридаги нормада, шунингдек, Низом 27-иловаси 9-банди 13-кичик бандида бундай майдон ўлчамини қатъий белгилашнинг мақсадга мувофиқлиги масаласини қайта кўриб чиқиш тавсия этилади.

ССП Матбуот хизмати

 

01.12.2020

14:52

Мурожаатингиз мувафаққиятли юборилди!
x

Саволлар беринг

Формани тўлдиринг, шунда биз сизга қўнғироқ қиламиз ва барча саволларингизга жавоб берамиз

+998(78) 150-60-06