22.01.21

Доривор ўсимликларни етиштираётган корхона фаолияти ўрганилди

22.01.21

“Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” ташаббуси доирасида ташкил қилинган ишчи гуруҳ Сурҳандарё вилоятида иш бошлади.

22.01.21

Мижозлар ва банклар ўртасидаги муносабатларда нима ўзгарди?

21.01.21

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасида Ўзбек-Украин қўшма корхоналарини яратиш бўйича онлайн семинар

21.01.21

Ҳудудий экспорт штаблари ташкил этилади

23.01.17

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги

20.01.17

Министерство Минобороны Республики Узбекистан И активный

10.05.16

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги

11.12.15

Россия Федерацияси

11.12.15

Украина

Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида

“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 366 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.

Мисол учун, Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонуни (ID-18306) лойиҳаси  жамоатчилик экспертизасидан  ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:

1. Лойиҳанинг 3-моддаси биринчи қисмига кўра, “Деҳқон хўжалиги оила аъзоларининг шахсий меҳнати асосида деҳқон хўжалиги бошлиғига мерос қилиб қодириладиган умрбод эгалик қилиш ва ижарага олиш асосида тегишли бўлган ер участкасида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш ва реализация қилиш фаолияти билан шуғулланувчи оилавий хўжалик”, - деб белгиланган.

Мазкур норма мазмунига кўра, унда деҳқон хўжалиги тушунчасига таъриф берилган.

Аммо, лойиҳада деҳқон хўжалигининг тадбиркорлик субъекти эканлиги ёки эмаслиги, уни қандай ташкилий-ҳуқуқий (яъни, “деҳқон хўжалиги” деган алоҳида ташкилий-ҳуқуқий шаклда ёки бошқа бир) шаклда ташкил этилиши масалалари келтирилмаган.

Бундан ташқари, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан шахсий томорқа участкалари берилади, яъни бундай ер участкаларида ҳам деҳқон хўжалигини юритиш мумкинми деган савол ҳам туғилади.

Бундай ноаниқликлар амалиётда деҳқон хўжалиги билан боғлиқ масалаларда тушунмовчиликлар ва қарама-қаршиликларни келтириб чиқариши, мазкур масалани турлича талқин қилинишига олиб келиши мумкин.

Шу боис, шунингдек мазкур қонун ушбу соҳадаги асосий тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат эканлигини инобатга олган ҳолда, юқоридаги масалаларни ушбу лойиҳада аниқ белгилаб ўтиш тавсия этилади.

2. Лойиҳанинг 3-моддаси иккинчи қисмига кўра, “Деҳқон хўжалиги боғдорчилик ва узумчилик ёки сабзавотчилик ва полизчилик ёхуд бошқа қишлоқ экинлари етиштириш фаолияти йўналишлари билан шуғулланади”, - деб белгиланган.

Кўриниб турибдики, бунда деҳқон хўжалигининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдаги фаолият йўналишлари чегараланган ҳолда белгилаб берилган.

Аммо, бу давлат органлари томонидан деҳқон хўжалиги фаолиятига аралашишдир. Чунки, деҳқон хўжалиги ўз хўжалигида хоҳлаган бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини (гўшт, сут маҳсулотлари, паррандачилик) етиштириши мумкин.

“Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 34-моддасига кўра, Давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари деҳқон ва фермер хўжаликларининг тадбиркорлик фаолиятига, шу жумладан ушбу хўжаликларнинг агротехника усулларини, етиштириладиган маҳсулот турини танлашига, бу маҳсулотнинг баҳосини ҳамда реализация қилиш йўналишини белгилашига аралашишга ҳақли эмас”.

Шу сабабли, лойиҳанинг 3-моддаси иккинчи қисмини чиқариб ташлаш тавсия этилади.

3. Лойиҳанинг 6-моддаси иккинчи қисмига кўра, деҳқон хўжалигига боғдорчилик ва узумчилик фаолияти учун 30 йилдан
50 йилгача, сабзавотчилик, полизчилик ва бошқа деҳқончилик экинлари етиштириш фаолияти учун 5 йилдан 15 йилгача ижарага берилади,
деб белгиланган.

Бунда, ерларни ижарага бериш муддатини белгилашда фаолият йўналишлари эътиборга олинган.

Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 24-моддасига кўра, Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар ижарага эллик йилгача бўлган, бироқ ўттиз йилдан кам бўлмаган муддатга берилиши мумкин”.

Шу боис, лойиҳада деҳқон хўжалиги барча фаолиятлари учун ерни бир хил муддатга ижарага беришни назарда тутиш ва ушбу муддатни белгилашда юқоридаги норма талабларини инобатга олиш лозим.

4. Лойиҳанинг 7-моддаси тўртинчи қисмига кўра, “Деҳқон хўжаликлари ягона давлат реестридан кўчирмада деҳқон хўжалиги бошлиғи ва аъзолари ҳақида маълумот, деҳқон хўжалиги фаолияти йўналиши, ҳисобга қўйилган сана ҳамда деҳқон хўжалигининг фаолият муддати (ижара муддати) кўрсатилади”, - деб белгиланган.

Бунда, давлат реестридан кўчирмада деҳқон хўжалигининг фаолият муддати кўрсатилиши барча деҳқон хўжаликлари учун мажбурийлиги назарда тутилган.

Аммо, бу фаолиятини ижара асосида амалга ошираётган деҳқон хўжаликларигагина (ерни ижарага олиш муддати тугаши муносабати билан унинг фаолияти тўхтатилиши сабабли) тегишли қоида бўлганлиги сабабли, юқоридаги нормани қуйидаги таҳрирда баён қилиш мақсадга мувофиқ:

“Деҳқон хўжаликлари ягона давлат реестридан кўчирмада деҳқон хўжалиги бошлиғи ва аъзолари ҳақида маълумот, деҳқон хўжалиги фаолияти йўналиши, ҳисобга қўйилган сана кўрсатилади. Бунга қўшимча равишда ерга ижара асосида эгалик қилувчи деҳқон хўжалиги учун унинг фаолият муддати (ижара муддати) ҳам кўрсатилиши керак”.

5. Лойиҳанинг 9-моддаси биринчи қисмига кўра, “Деҳқон хўжалиги ўз тасарруфидаги ер участкасидан фақат белгиланган йўналишдаги қишлоқ хўжалиги экини маҳсулотларини етиштириш мақсадида фойдаланиши шарт”, - деб белгиланган.

Бунда, деҳқон хўжалиги ўз ер участкасида фақатгина белгиланган йўналишдаги қишлоқ хўжалиги экин маҳсулотини етиштиришга мажбурлиги назарда тутилган.

Таклиф этилаётган таҳрир мазмунан қатъий режали иқтисодиётни назарда тутмоқда.

Ваҳолангки, деҳқон хўжалиги ўз ер участкасининг жойлашуви, ҳосилдорлик ва унумдорлик даражаси, тоифасидан келиб чиқиб, ерни синовдан ўтказган ҳолда, экин турларини ўзгартириши ва бу орқали яхши натижаларга эришиши мумкин.

Яъни, қандай турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни деҳқон хўжалиги ихтиёрида қолдириш тўғри бўлар эди. Чунки, берилган ердан кўпроқ маҳсулот етиштириш орқали фойда олишдан деҳқон хўжалигининг ўзи манфаатдор.

Шу боис, лойиҳада юқоридаги каби чекловларни назарда тутмаслик, яъни, қандай турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни деҳқон хўжалиги ихтиёрида қолдириш мақсадга мувофиқ.

6. Лойиҳанинг 9-моддаси бешинчи қисмига кўра, “Деҳқон хўжалиги ер участкасида қишлоқ хўжалиги экин маҳсулоти етиштириш фаолияти билан биргаликда 10 шартли бош чорва ҳайвонларини боқишга рухсат берилади”, - деб белгиланган.

Бунда, деҳқон хўжалиги ер участкасида фақат 10 шартли бош чорва ҳайвонларинигина боқиш мумкинлигини белгилаш орқали, ортиқча чекловлар назарда тутилган.

Ваҳолангки, Фуқаролик кодексининг 207-моддасига кўра, Хусусий мулк бўлган мол-мулкнинг миқдори ва қиймати чекланмайди”.

Шунингдек, лойиҳанинг 3-моддаси биринчи қисмига кўра, деҳқон хўжалиги ўзига тегишли бўлган ер участкасида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш ва реализация қилиш фаолияти билан шуғулланувчи оилавий хўжалик эканлиги белгиланган.

Демакки, деҳқон хўжалиги ер участкасидан қишлоқ хўжалиги маҳсулоти бўлган гўшт ва сут маҳсулотларини етиштириш мақсадида ҳам фойдаланиши ва у бу ерда чекланмаган миқдорда мулкка эгалик қилиши мумкин.

Шу сабабли, лойиҳанинг 9-моддасидан бешинчи қисмини чиқариб ташлаш лозим.

7. Лойиҳанинг 10-моддаси биринчи қисмига кўра, “Деҳқон хўжалиги тасарруфидаги ер участкасидан мақсадли ва оқилона фойдаланишини назорат қилиш ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилади”, - деб белгиланган.

Бироқ, лойиҳада бундай ваколатли органлар қайси давлат органлари эканлиги келтирилмаган.

Бу эса, амалиётда мазкур нормани турлича талқин қилиш, деҳқон хўжалиги фаолиятига исталган давлат органи томонидан ортиқча аралашишларга олиб келиши мумкин.

Бундан ташқари, бирон бир соҳада давлат назоратини таъминлаш муҳим масала ҳисобланади ҳамда амалдаги қонунчиликда бундай назоратнинг аниқ асослари ва тартиби белгиланган.

Шу боис, лойиҳада ушбу давлат назоратини қонунчиликда белгиланган тартибда қайси давлат органи томонидан олиб борилишини аниқ кўрсатиб ўтиш тавсия этилади.

8. Лойиҳанинг 10-моддаси иккинчи қисмига кўра, “Деҳқон хўжалиги йўналиши бўйича қишлоқ хўжалиги экинларини экмаган тақдирда ер солиғи белгиланган ставканинг уч баравари миқдорида ундирилади”, - деб белгиланган.

Яъни, бунда деҳқон хўжалиги учун фаолият йўналиши бўйича экин экишнинг мажбурийлиги, агар у бажарилмаган тақдирда ушбу деҳқон хўжалигига нисбатан солиқ ставкасининг оширилган миқдорда ундирилиши белгиланган.

Бироқ, солиқ масалалари, солиқ ставкаларини белгиланиши солиқ кодекси билан тартибга солинади. Солиқ кодексининг 437-моддасида қайси ҳолларда оширилган солиқ ставкалари таъсир чораларидан бир сифатида қўлланилиши мумкинлиги белгиланган бўлиб, унда юқоридаги ҳолат келтирилмаган.

Шу сабабли, лойиҳада юқоридаги норманинг белгиланиши асоссиз бўлиб, амалдаги қонунчиликка зиддир.

Юқоридагиларни инобатга олиб, лойиҳанинг 10-модасидан иккинчи қисмини чиқариб ташлаш тавсия этилади.

9. Лойиҳанинг 12-моддаси биринчи қисмига кўра, “Деҳқон хўжалиги фаолият йўналишидан келиб чиқиб экин турлари ва ҳажмлари, уларни етиштириш усуллари ҳамда агротехник тадбирларини амалга оширишни мустақил равишда белгилайди”, - деб белгиланган.

Аммо, мазкур нормада деҳқон хўжалиги томонидан ўз фаолият йўналишини ҳам мустақил белгиланиши назарда тутилмаган.

Ваҳолангки, амалдаги “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддасига кўра, Деҳқон хўжалиги ўз фаолияти йўналишларини, ишлаб чиқариш тузилиши ва ҳажмларини мустақил равишда белгилайди”.

Шу боис ҳамда мазкур Хулосанинг 4-бандида келтирилганларни инобатга олган ҳолда, юқоридаги нормада деҳқон хўжалиги томонидан ўз фаолият йўналишини ҳам мустақил белгиланиши назарда тутиш тавсия этилади.

10. Таъкидлаш лозимки, лойиҳа жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жойлаштирилмаган.

Лойиҳа юзасидан жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида лойиҳани жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жойлаштириш мақсадга мувофиқ.

Бу борадаги фаолият давом этмоқда.

 

ССП Ахборот хизмати

15.06.2020

14:52

Мурожаатингиз мувафаққиятли юборилди!
x

Саволлар беринг

Формани тўлдиринг, шунда биз сизга қўнғироқ қиламиз ва барча саволларингизга жавоб берамиз

+998(78) 150-60-06