Тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган текширувлар ҳақида умумий тушунчалар

11194

Хўжалик субъекти  – белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган ва тадбиркорлик фаолиятини амалга оширадиган юридик ва жисмоний шахс;

Назорат органлари – қонунчиликда хўжалик субъектлари фаолияти устидан давлат назоратини амалга ошириш ваколатига эга бўлган вазирликлар ва идоралар;

Текширув – назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан хўжалик субъектларининг қонунлар ва уларнинг фаолиятини тартибга солувчи бошқа қонун ҳужжатларига риоя этиши устидан амалга ошириладиган бир йўла назорат;

Текширувларни рўйхатга олиш китоби — текширувларни ҳисобга олиш махсус китоби бўлиб, расмий ҳужжат саналади ва унга назорат ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан хўжалик субъектининг фаолиятини текширишга оид маълумотлар киритилади;

Комплекс текширув — бир вақтнинг ўзида икки ёки ундан ортиқ назорат органлари томонидан амалга ошириладиган текширув;

Молия-хўжалик фаолияти текшируви (ревизия) — солиқ ва валюта қонунчилигига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш мақсадида хўжалик субъектларининг бухгалтерия, молиявий, статистик, банкка оид ва бошқа ҳужжатларини ўрганиш ва таққослаш;

Режали текширув — Республика назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш кенгаши томонидан тасдиқланган йиллик (чорак) текширув режасига киритилган текширув;

Режадан ташқари текширув — назорат органлари томонидан қонунчиликда назарда тутилган тартиб ва ҳолатларда амалга ошириладиган, йиллик (чорак) текширувлар режасига киритилмаган текширув (жумладан қисқа муддатли);

Қисқа муддатли текширув — назорат органлари томонидан бир иш куни давомида ўтказиладиган ва хўжалик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган текширув (кечки ва (ёки) тунги вақтда (текширув кунидаги соат 18-00 дан кейинги куннинг тонгги соат 6-00 гача) ишлайдиган хўжалик субъектларида қисқа муддатли текширув бошланган вақтидан то саккиз соат давомида амалга оширилади);

Қарама-қарши текширув — операциялар бир хиллиги билан ўзаро боғлиқ бўлган ҳамда турли хўжалик субъектларида ёки бир хўжалик субъектининг турли бўлимларида бўлган ҳужжатларни солиштиришдан иборат текширув;

Камерал назорат – солиқ тўловчи томонидан белгиланган тартибда тақдим этилган молиявий ва солиқ ҳисоботлари, шунингдек, давлат солиқ хизмати органида мавжуд бўлган солиқ тўловчи фаолиятига оид бошқа ҳужжатларни ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида ўтказиладиган текширув.

Камерал назорат солиқ тўловчиникига ташриф буюрилмаган ҳолда, давлат солиқ хизмати органи жойлашган манзил бўйича ўтказилади.

Назорат тартибидаги текширув — назорат органлари томонидан аввалги текширувда қайд этилган қонун бузарликларнинг хўжалик субъектлари томонидан бартараф этилгани устидан ўтказиладиган текширув.

Ҳар қандай текширувни бошлашдан аввал текширувчи қуйидагиларни бажариши шарт:

  •    Тадбиркорни текширув мақсадлари ва шартлари билан таништириши;

  •    Қонунчиликда белгиланган барча ҳужжатларни тақдим этиши;

  •    Текширувларни рўйхатга олиш китобини тўлдириши.

  Агар текширувчилар ушбу шартларни бажаришдан бош тортса, улар ТЕКШИРУВ ЎТКАЗИШИ МУМКИН ЭМАС

 

бош саҳифага қайтиш