29.07.2020 65

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланди.


Жорий йилнинг 29 июль куни Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси ўртасида "Хусусий секторда коррупция: муаммо ва ечимлар" мавзусида онлайн конференция бўлиб ўтди ҳамда томонлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланди.

Конференцияда Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари И.Джасимов, бошқарма бошлиғи Б.Ибадуллаев, Академия бошлиғи Е.Коленко, Академия марказ бошлиғи Б.Исмоилов ва Академия катта ўқитувчиси А.Комилов ҳамда томонлар вакиллари иштирок этишди.

Мазкур конференцияни ўтказишдан асосий мақсад республикада тадбиркорликнинг ривожланишига тўсқинлик қилаётган коррупцияга қарши курашиш амалиётига халқаро тажрибани жорий қилиш, давлат ва бизнеснинг барча жабхаларида коррупциянинг олдини олиш соҳасида миллий қонунчилик қоидаларини самарали қўллаш, шунингдек хорижий инвестицияларни жалб этиш учун янада соғлом инвестиция муҳитини яратиш мақсадида соғлом рақобат муҳитини рағбатлантиришдан иборат бўлди.

Конференцияда Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари И.Джасимов сўзга чиқиб палатада тадбиркорларнинг муаммоларини ўрганиш бўйича тизим яратилганлиги, тадбиркорлар ҳуқуқий ҳимояга мухтожлигини эътиборга олиб, уларнинг бузилган ҳуқуқини оператив равишда аниқлаш ва тиклашда прокурор назорати мухим восита эканлиги ва шу боис, унга бизнес манфаатлари ҳимоясида эхтиёж борлигини таъкидлаб ўтди.

Чунки, прокурор назорати бу – ҳуқуқбузарликни аниқлаш, ҳуқуқий баҳо бериш, жазонинг муқарарлигини таъминлаш, қонунбузилишлар оқибатларини бартараф этиш ва профилактикани амалга ошириш босқичларини қамраб олади. Шу боис, ушбу имкониятлардан бизнесни ҳимоя қилишда самарали фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Томонлар ўзаро ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, қонун ҳужжатлари билан уларга юклатилган вазифаларнинг сифатли ва тўлиқ бажарилишини таъминлаш мақсадида қуйидаги йўналишларда ҳамкорлик ўрнатиш тўғрисида келишиб олдилар:

– биргаликда тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари кафолатларини мустаҳкамлаш, уларнинг ривожланишини рағбатлантиришга қаратилган қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир таклиф ва тавсиялар тайёрлаш;

– тадбиркорлик субъектлари вакилларининг мурожаатларини кўриб чиқилиши, уларнинг ҳал этилиши мониторинги ва таҳлилини ўтказиш;

– ҳамкорликда прокуратура ва Палата ходимлари малакасини ошириш, тадбиркорлик субъектлари учун ўқув курсларини ишлаб чиқиш ҳамда ўтказиш;

–  тадбиркорлар томонидан содир этилган жиноятларни бизнес ҳамжамиятида аҳамиятини танқидий муҳокама этиш орқали тадбиркорлик соҳасида қонун бузилишлар профилактикасини олиб бориш;

– Томонларни ўзаро қизиқтирган масалалар бўйича биргаликда турли тадбирлар: конференциялар, семинар-тренинглар ва давра суҳбатлари ўтказиш, уларга Томонларнинг эксперт-мутахассислари ва профессор-ўқитувчиларини, муваффақиятга эришган бизнес вакилларини ҳамда хорижий мутахассисларни жалб этиш;

– ҳамкорликда замонавий талаблар ва стандартларга жавоб берадиган ўқув адабиётлари, ўқув-услубий ва илмий материаллар тайёрлаш ҳамда чоп этиш;

– Академия профессор-ўқитувчилари ҳамда палата ходимлари ва палатага аъзо тадбиркорлик субъектлари томонидан яратилган ўқув, илмий адабиётлар ва бошқа материаллар, уларнинг электрон шакли билан бойитиб бориш, шунингдек ахборот-ҳуқуқий ва таълим ресурсларини мунтазам янгилаб бориш;

– ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, ҳакамлик ва халқаро тижорат арбитражи, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорларни ҳимоя қилиш, коррупцияга қарши курашиш, ҳуқуқ, иқтисодиёт ва бошқа соҳалардаги долзарб масалалар юзасидан илмий-тадқиқот лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш ҳамда халқаро грантлар жалб қилиш;

– Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси тизимидаги Халқаро тижорат арбитраж суди, ҳакамлик судлари, Тошкент Халқаро Арбитраж Марказининг тадбиркорлик соҳасидаги низоларни суддан ташқари ҳал этишнинг самарали механизмлари билан боғлиқ фаолиятини прокуратура органлари ходимларига таништириш орқали ҳудудларда ушбу судларга мурожаат этиш афзалликлари ва имкониятларини тушунтириш юзасидан тарғибот тадбирларини кенгайтириш чора-тадбирларини амалга ошириш;

Мазкур конференцияда томонлар меморандумни имзолаш билан бирга 2020-2025 йилларда амалга ошириладиган чора-тадбирлар режасини хам имзолашди.

Умид қиламизки, имзоланган хужжатлар келажакда бизнеснинг ҳуқуқий химоясини кучайтиришга хизмат қиладилар.

ССП Матбуот хизмати