25.07.2020 88

Коронавирус пандемияси таъсирини юмшатиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида


Жорий йилнинг 20 июль куни Давлатимиз Раҳбари “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги муҳим аҳамиятга эга бўлган Фармонни имзоладилар.

Унга кўра:

Янги имтиёзлар берилди:

1. 2020 йил 1 июлдан 31 декабрга қадар муддатда умумий овқатланиш корхоналари ҳамда биноларни ижарага беришга ихтисослашган корхоналар айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан озод қилинди.

2. Умумий овқатланиш корхоналари 2020 йил 1 апрелдан 31 декабрга қадар муддатда алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимни тўлашдан озод қилинди.

Енгилликлар берилди:

1. Умумий овқатланиш корхоналарига алкоголь маҳсулотларини етказиб бериш орқали сотиш ҳуқуқи берилди.

2. Умумий овқатланиш корхоналарини кичик корхоналар тоифасига киритиш мақсадида 2020 йил 1 июлдан бошлаб улар учун белгиланган ходимларнинг йиллик ўртача сони 25 нафардан 50 нафарга оширилди.

3. 2021 йил 1 июлга қадар умумий овқатланиш туман (шаҳар) ҳокимликларини хабардор қилиш орқали истеъмолчиларга овқатланиш хизматларини кўрсатиш учун ўзларига туташ бўш ер участкаларида енгил конструкцияларни бепул жойлаштириш ва қуриш ҳуқуқига эга бўлди.

4. Умумий овқатланиш корхоналари ижтимоий солиқнинг пасайтирилган ставкасини ишчиларнинг сонидан қатъий назар қўллайди.

Амалдаги имтиёзлар муддатлари узайтирилди:

1. Алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналарнинг ажратмалари миқдорини 5 фоиздан 3 фоизга пасайтиришга доир имтиёз муддати 2020 йил 31 декабрга қадар узайтирилди.

2. Президентининг 2020 йил 18 майдаги ПФ–5996-сон Фармонида белгиланган қуйидаги имтиёз ва преференциялар

2020 йил 31 декабрга қадар узайтирилди:

а) мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод қилиш бўйича берилган имтиёзлар;

б) ижтимоий солиқ ставкасини 12 фоиздан 1 фоизга пасайтириш бўйича микрофирма ва кичик корхоналар учун берилган имтиёзлар;

в) божхона органларига мурожаат қилган кунгача бир йилдан кам бўлмаган муддат давомида ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошираётган микрофирма ва

кичик корхоналарга, кейинчалик кечиктирилган суммани 120 кун мобайнида тенг улушларда тўлаш шарти билан, товарларни олиб киришда ундириладиган божхона божи ва акциз солиғини тўлаш муддатини кечиктириш;

г) микрофирма ва кичик корхоналарда 2020 йил 15 май ҳолатига солиқлар, пенялар ва солиқ қонунчилигини бузганлик учун ҳисобланган жарималар бўйича мавжуд бўлган қарздорликни ундиришни тўхтатиш бўйича енгиллик (амалдаги таҳрирга кўра, муддат 2020 йил 1 сентябргача эди).

д) «Маҳалла» хайрия жамоат фондига, «Саховат ва кўмак» фондига, «Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига, беғараз ёрдам бериш қисмида фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи, айланмадан олинадиган солиқ ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзларнинг амал қилиши.

Мухтарам Президентимиз томонидан имзоланган мазкур Фармон орқали, бугунги пандемия шароитида тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, самарали фаолият юритиши учун барча зарур шарт-шароитларни яратиб бериш ва бу орқали тадбиркорларнинг мавжуд имкониятларини янада кенгайтиришга эришилади.

Коронавирус пандемияси даврида аҳолини, айниқса, умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасидаги тадбиркорлик субъектларини қўшимча равишда қўллаб-қувватлаш, уларнинг даромадларини таъминлаш, санитария-эпидемиологик вазият яхшиланишига қараб ушбу субъектларни жадал қайта тиклаш, шунингдек, иш ўринларини сақлаб қолиш бугунги давлат сиёсатининг мантиқий давоми бўлиб хизмат қилмоқда.

ССП Матбуот хизмати