22.07.2020 430

ЖИНОЯТ ПРОЦЕССИДА МЕДИАЦИЯНИНГ ЎРНИ: НАЗАРИЯ, АМАЛИЁТ ВА ИСТИҚБОЛЛАРИ


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан Тошкент давлат юридик университети, “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат нотижорат ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда 2020 йил 22 июлда «Жиноят процессида медиациянинг ўрни: назария, амалиёт ва истиқболлари» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция “Zoom” онлайн платформасида ташкил қилинди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокурату-раси, Адлия вазирлиги, Адвокатлар палатаси, Савдо-саноат палатасининг масъул ходимлари, Тошкент давлат юридик университети, Юристлар малакасини ошириш маркази, Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети профессор-ўқитувчилари ва тингловчилари, профессионал медиаторлар ҳамда АҚШ, Россия, Словения, Қозоғистон, Қирғизистон давлатидан хорижий экспертлар ва мутахассислар иштирок этдилар.

Халқаро конференцияда “Ўзбекистонда медиацияни ҳуқуқий асосла-рини такомиллаштиришнинг айрим масалалари”, “Ўзбекистон Республикаси жиноят қонунчилигида медиация имкониятлари (моддий ва процессуал нормалар шарҳи)”, “Жиноят процессида медиация институтини амалга ошириш хусусиятлари”, «Жиноий ҳуқуқда медиация институти ва унинг Ўзбекистондаги истиқболлари», «Ўзбекистон Республикаси жиноят қонунчилигида воситачилик меъёрларини амалга оширишнинг долзарб масалалари» мавзуларида ҳуқуқшунос олимлар ва  мазкур соҳанинг тажрибали миллий экспертлари маъруза қилдилар. Шунингдек, унда “Хорижий давлатларда медиация институти: қонунчилик ва тажриба” бўйича Джереми Фогел – Беркли суд институти ижрочи директори (АҚШ), Людмила  Карнозова – Қайта тикланадиган адолат бўйича Европа форуми аъзоси, Бутун Россия медиация уюшмаси аъзоси (Россия), Янез Старман – Адвокатлик академиясининг Медиация маркази раҳбари (Словения), Жандильда Жакупов – Қозоғистон медиаторлари уюшмаси бош директори, Гулсина Кожоярова – Қирғизистон Республикаси Медиаторларнинг республика ҳамжамияти Кузатув кенгаши раиси ўз тақдимотлари билан иштирок этдилар.

Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Халқаро тижорат арбитраж (ҳакамлик) судининг раиси, юридик фанлар доктори, профессионал медиатор Фозилжон Отахонов ўз маърузасида Ўзбекистонда медиациянинг ҳуқуқий асосларини яратилиши ва уни такомиллаштириш масалаларини, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда ёритиб берди.

Конференция давомида жиноят процессига медиация инстититуни жорий қилишнинг аҳамияти, ўзига хос хусусиятлари, унинг салбий томонлари мавжуд ёки мавжуд эмаслиги, қандай тўсиқларга учраши мумкинлиги, медиация жараёнини коррупцияга олиб келувчи ҳолатлардан холис бўлиши учун амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар ҳамда бу жараённинг иқтисодий жиҳатлари муҳокама қилинди ҳамда бу борада тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

ССП Аҳборот-ҳизмати