07.07.2020 693

ВОЯГА ЕТМАГАН ШАХСНИНГ ИШЛАШИ ҚОНУНИЙМИ: ТАЛАБЛАР, ИМТИЁЗЛАР ВА ЖАВОБГАРЛИК МАСАЛАСИ


Оммавий ахборот воситаларида фуқаролар ҳамда иш берувчилар томонидан вояга етмаган шахсни меҳнатга жалб қилинганлиги учун жавобгарликка тортилганлиги тўғрисидаги хабарларга кўп кўзимиз тушади. Хўш вояга етмаган шахснинг меҳнатидан фойдаланишни ўзи қонун доирасидами?

Келинг, аввало қайси тоифадаги вояга етмаган шахслар жалб қилиниши мумкин ишлар ҳақида сўз юритсак.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 77-моддасига биноан вояга етмаган, яъни 18 ёшга тўлмаган шахс 16 ёшдан меҳнат фаолиятини бошлашига рухсат этилади.

Шунингдек, 15 ёшга тўлган вояга етмаган шахсларга ҳам ишлашга рухсат этилади. Қачонки:

– 15 ёшга тўлган умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини - уларнинг ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг, яъни васий ёки ҳомийнинг ёзма розилиги билан

– уларнинг соғлиғига ҳамда маънавий ва ахлоқий камол топишига зиён етказмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун ишга қабул қилишга йўл қўйилади.

Ушбу қоидалар Халқаро меҳнат ташкилотининг “Энг кичик ёш тўғрисида”ги 138-сонли конвенциясида ҳам белгилаб берилган.

Вояга етмаганларни ишга олиш рад этилмайди

Таъкидлаш жоизки, 15 ва 16 ёшга тўлган умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлаган вояга етмаган шахсларни бўш иш жойларига ишга олишдан бош тортиш ноқонуний хатти-ҳаракатдир. Чунки меҳнат қонунчилиги, ҳусусан Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 05 декабрдаги 965-сон қарори бўйича улар ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахслар доирасига киради ҳамда улар учун корхонада минимал иш жойлари белгиланиши шарт.

ИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАҚИҚЛАНГАН ИШЛАР

Вояга етмаган шахсни барча турдаги ишларга жалб қилиб бўлмайди. Меҳнат кодексининг 241-моддасига мувофиқ, 18 ёшга тўлмаган шахслар меҳнатидан шу тоифа ходимларининг соғлиғи ва хавфсизлиги ва ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган меҳнат шароити ноқулай бошқа ишларда фойдаланиш тақиқланади.

Соғлиқ ва хавфсизликка зиён етказувчи меҳнат шароитларидаги ишлар:
– ер ости, сув ости, хавфли баландликда ёки ёпиқ муҳитда бажариладиган,

– хавфли механизмлар, асбоб ва ускуналар билан боғлиқ бўлган,

– хавфли буюмлар ёки жараёнлар, ҳарорат, шовқин ёки тўлқинланиш даражасининг юқори таъсирида вояга етмаганларнинг соғлиғига зарар етказишга олиб келадиган зарарли шароитлардаги,

– оғир меҳнат шароитларида бажариладиган,

Ахлоқ-одобига зиён етказувчи меҳнат шароитларидаги ишлар:

– тунги клублар,

– спиртли ичимликлар, тамаки маҳсулотлари сотадиган дўконларда ва бошқа жойлар.

Халқаро меҳнат ташкилотининг “Болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари тўғрисида”ги 182-сонли конвенциясига биноан зўраки ёки мажбурий меҳнат, шу жумладан, порнография маҳсулотлари тайёрлаш ёки порнографик томошаларда иштирок этиш учун боладан фойдаланиш, наркотиклар тайёрлаш ва сотиш учун боладан фойдаланиш, уни ёллаш ёки уни таклиф қилиш ҳам тақиқланади.

Шу билан бирга, вояга етмаган 18 ёшгача бўлган шахс ишга қабул қилинганда иш берувчи томонидан қабул қилиниши қонуний. Фақат, бу тоифадаги ишлар қонунчиликда белгиланган болалар меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитларидаги ишлар ҳисобланмаслиги лозим.

Бунга мисол сифатида ер ости тоғ ишчиси, пахта уруғларини дориловчи, плита ва блокларни қозиқловчи, газ-қувур қурилмалари машинисти, тиббий препаратларни дозаловчи ва бошқаларни келтиришимиз мумкин. Ушбу тоифадаги ишлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 29.07.2009 йилда 1990-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 12.05.2009 йилда 1954-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомга мувофиқ, 18 ёшга тўлмаган шахслар иш жараёнида ушбу низомда белгиланган оғир юк кўтариш ва ташиш нормалари доирасида юк кўтаришлари ва ташишлари шарт.

Бунга мисол сифатида 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахсларнинг иш вақти фақат юкларни қўлда кўтариш ва ташиш билан боғлиқ бўлган ишлардан иборат бўлганда, улар учун юк кўтариш ва ташиш нормасининг чегараси 4,1 кг дан оғир бўлмаслиги, шунингдек улар аравача ва вагонетка ёрдамида юк ташишларига жалб этилмаслиги лозим.

ИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШДА ЭЪТИБОРЛИ ЖИҲАТЛАР

Меҳнат кодексининг 84-моддасига биноан, вояга етмаган шахсларни ишга қабул қилиш жараёнида уларга нисбатан дастлабки синовнинг белгиланиши тақиқланади.

Ишга қабул қилишда вояга етмаган шахс албатта бепул асосда иш берувчи томонидан тиббий кўрикдан ўтказилади ҳамда доимий равишда вояга етгунига қадар мажбурий тарзда тиббий кўрикдан ўтказиб борилади.

Вояга етмаган шахс ишга қабул қилиниш жараёнида ишга тақдим этиши зарур бўлган ҳужжатлардан паспорт нусхаси ўрнига туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ҳамда турар жойидан маълумотнома сўралади.

ВОЯГА ЕТМАГАНЛАРГА ИШ ДАВОМИДА БЕРИЛАДИГАН ИМТИЁЗЛАР

Вояга етмаган шахс ишга қабул қилинганидан сўнг у катта ёшдаги ходимлар билан тенг ҳуқуқларга эга бўладилар. Фақатгина меҳнатни муҳофаза қилиш, иш вақти, таътиллар ва бошқа меҳнат шартлари соҳасида уларга қўшимча имтиёзлар берилади.

Масалан, иш вақтига тўхталадиган бўлсак, вояга етмаганларга нисбатан қисқартирилган иш вақти қўлланилади ҳамда 16 дан 18 ёшгача бўлган ходимларга иш вақтининг муддати ҳафтасига - 36 соатдан, 15 дан 16 ёшгача бўлган шахслар учун эса ҳафтасига 24 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланади.

Шунга қарамасдан, вояга етмаган шахс юқоридаги кундалик иш вақти қисқартирилган режимда ишлашидан қатъий назар, унинг меҳнатига кундалик иш вақти тўлиқ бўлган миқдорда ҳақ тўланади.

Агарда вояга етмаган шахс ўқишдан бўш вақтларида ишлаётган бўлса, ўқув йили давомидаги иш вақтининг муддати 16 дан 18 ёшдагилар учун 18 соат ҳамда 15 дан
16 ёшдагилар учун 12 соатдан ортиб кетиши мумкин эмас. Бунда вояга етмаган шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ишлаган вақтига мутаносиб равишда ёки ишлаб чиқарган маҳсулотига қараб белгиланади.

18 ёшга тўлмаган шахсларни соат 22:00 дан 06:00 ни ташкил этувчи тунги ишларга, меҳнат шартномасида белгиланган вақтдан ташқари бўлган иш вақтидан ташқари ишларга ҳамда дам олиш кунларидаги ишларга жалб этиш тақиқланади.

Вояга етмаган шахсларни қизиқтирадиган масалалардан яна бири – меҳнат таътили бўлиб, 18 ёшга тўлмаган ходимларга катта ёшдаги ходимлардан фарқли ўлароқ камида 30 календарь кундан иборат йиллик таътил берилади. Улар ушбу таътилни меҳнат фаолиятининг бошланганига 6 ой бўлмасидан олдин, шунингдек, ёз вақтида ёки йилнинг ўзлари учун қулай бўлган бошқа вақтида фойдаланишлари мумкин. Таълим муассасаларида ишлаб ўқиётган вояга етмаганларга йиллик таътиллар уларнинг хоҳишига кўра имтиҳонлар ва лаборатория-имтиҳон сессиялари вақтига иш берувчи томонидан тўғрилаб бериши шарт.

ЎҚИБ ИШЛАЁТГАН ВОЯГА ЕТМАГАН УЧУН ИМТИЁЗЛАР

 Кириш имтиҳонлари топширишга рухсат этилган вояга етмаган шахсларга олий ўқув юртларига кириш учун ўқув юртлари жойлашган ерга бориш ва қайтиб келиш вақти ҳисобга олинмаган ҳолда камида 15 календарь кун иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилади. Сиртдан таълим олаётган ходимларга эса имтиҳон сессиясида қатнашиши учун ўқув юрти жойлашган ерга бориши ва у ердан қайтиб келиши, диплом лойиҳаси тайёрлаши, ёқлаши ёки битирув имтиҳонлари топшириши учун йилига 1 марта йўл киранинг 50 фоиздан кам бўлмаган қийматда ҳақ тўлаб берилади.

ВОЯГА ЕТМАГАННИ ИШЛАТИШДА МЕҲНАТ МУХОФАЗАСИ ТАЛАБЛАРИ

Меҳнат шароитлари бўйича йилнинг иссиқ даврида 0141-03-сон СанҚваМга мувофиқ:

ёпиқ ишлаб чиқариш хоналарида бажарадиган иш категориясига (Iа-IIб) мувофиқ рухсат этилган ҳаво ҳарорати 31,0°-29,0°C дан юқори бўлмаслиги лозим. Агар ҳаво ҳарорати 36°-34,5°C дан юқори бўлганда инсон соғлиғи учун ўта хавфли ҳисобланади, мазкур ҳолатда иш жойларида ҳавони шамоллатиш ва совутиш мосламаларидан фойдаланиш лозим;

очиқ майдонларда бажарадиган иш категориясига (Iа-IIб) мувофиқ рухсат этилган ҳаво ҳарорати 31,4°-30,0°C дан юқори бўлмаслиги лозим. Агарда ҳаво ҳарорати 36°-34,5°C дан юқори бўлганда инсон соғлиғи учун ўта хавфли ҳисобланиб, мазкур ҳолатда иш режимини ўзгартирган ҳолда, яъни иш вақтини куннинг салқин вақтларига кўчирган ҳолда ишни ташкил этилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

ВОЯГА ЕТМАГАН БИЛАН МЕҲНАТ ШАРТНОМАСИНИ БЕКОР ҚИЛИШ

Вояга етмаган шахс билан меҳнат шартномаси бекор қилишда ҳам алоҳида тартиб белгиланган. Унга кўра, 18 ёшга тўлмаган ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинганда туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш марказларининг розилиги билан йўл қўйилади.

Юқоридаги қонун талабларига риоя этилишига иш берувчилар ҳамда ота-оналар томонидан амал қилиниши мажбурий ҳисобланади. Ҳаттоки, ота-оналар ёки уларни ўрнини босувчи шахслар ўзларининг вояга етмаган болалари меҳнатидан фойдаланишда боланинг соғлиғи ҳолати ва касалланишининг олдини олишга жавобгардир. Яъни ота-оналар ёки уларни ўрнини босувчи шахслар ўзларининг вояга етмаган болалари меҳнатидан юқорида тақиқланган ишларни шунингдек, таълим олиш жараёнига тўсқинлик қиладиган ишларни бажаришга йўл қўймасликка мажбур. Чунки ҳар бир ёш авлод тълим олишга ҳақли.  Агар юқоридаги ҳолатлар бўйича қонунбузилиш келиб чиқса, меҳнат органларига ёки прокуратура органларига мурожаат қилишлари зарур.

ЖАВОБГАРЛИК МАСАЛАСИ ҚАНДАЙ?

Вояга етмаганлар меҳнатидан мажбурий равишда фойдалангани ҳамда меҳнатидан унинг соғлиғига, хавфсизлигига ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдалангани учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Мажбурий меҳнат учун жавобгарлик базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 -100 бараваригача, уларни тақиқланган ишларга жалб қилганлик учун 10 - 20 бараваригача миқдордаги жаримани ташкил этади.

Агар юқоридаги ҳаракатлар бир йил давомида такроран содир этилса жарима, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд ахлоқ тузатиш ишлари каби жазолардан иборат жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Азиз фуқаролар ҳамда иш берувчилар тавсия сифатида айтиш мумкинки, вояга етмаганлар меҳнатидан фойдаланишда қонун талабларига риоя этинг!

ССП Матбуот хизмати