25.06.2020 180

Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида


“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 401 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.

Мисол учун, Энергетика вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Истеъмолчиларни электр тармоқларига уланиши бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори
(ID-18785)
лойиҳаси  жамоатчилик экспертизасидан  ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:

1. Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 ноябрдаги “Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
ПФ-4525-сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Мазкур Қарор иловасининг 10-бандига кўра, “Тадбиркорлик субъектларини электр тармоқларига улаш ишларини амалга оширишнинг умумий ва соддалаштирилган (“фойдаланишга тайёр ҳолда” ишларни амалга оширувчи ихтисослашган хусусий ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш орқали) имкониятларини яратган ҳолда электр тармоқларига уланиш муддатлари ва сарф-харажатларини оптималлаштириш” белгиланган. Яъни, бунда тадбиркорлик субъектларини электр тармоқларига улаш тартибини соддалаштириш ҳамда соҳада хусусий ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш назарда тутилган.

Аммо, лойиҳада электр тармоқларига улаш ишларини амалга оширишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш белгиланмаган. Аксинча, унда амалдаги тартибга нисбатан ҳам мураккаб бўлган тартиб жорий этиш назарда тутилган.

Хусусан, истеъмолчиларни электр тармоқларига улашни амалга оширишда қуввати 20 кВтгача бўлган истеъмолчилар учун электр тармоқларга улаш схемасини ишлаб чиқиш ҳамда қурилиш-монтаж ва ишга тушириш-созлаш ишларини бажариш, шунингдек, қуввати 20 кВтдан 50 кВтгача бўлган истеъмолчилар учун электр тармоқларга улаш лойиҳа хужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда қурилиш-монтаж ва ишга тушириш-созлаш ишларини бажариш фақат Ҳудудий электр тармоқлари корхоналари (кейинги ўринларда ҲЭТК) томонидан амалга оширилиши ҳамда бунда бажарилган ишлар учун қувватланиш кучига мос равишда базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 ва 20 баробари миқдорида тўлов ундирилиши белгиланган.

Яъни, бу орқали соҳадаги хусусий ташкилотлар фаолиятини амалга оширишга чекловлар белгиланган. Бундан ташқари, 50 кВтгача бўлган истеъмолчилар учун электр тармоқларга уланишда анча юқори бўлган тўловлар миқдори назарда тутилган.

2. Ёки, лойиҳада қуввати 50 кВтдан юқори бўлган истеъмолчиларни электр тармоқларга улашнинг ўта мураккаб бўлган босқичлари назарда тутилган. Яъни, лойиҳа 1-иловасида белгиланишича, қуввати 50 кВтдан юқори бўлган истеъмолчилар электр тармоқларига уланиш учун Давлат хизматлари марказларига ўзлари келиб ёки ЯИДХП орқали электрон шаклда, белгиланган йиғимни тўлаб мурожаат этишлари лозим. Шундан сўнг, ушбу сўровнома ҲЭТКларига юборилгач, улар томонидан техник шартлар ишлаб чиқилади ҳамда электрон шаклда онлайн платформага киритилади. Бунда, истеъмолчи Давлат хизматлари марказида ёки ЯИДХП орқали онлайн платформада энг яхши таклиф асосида тайёр ҳолда топшириш шартномасини таклиф этган пудратчини танлайди ва шартномани ЭРИ билан тасдиқлайди.

Кўриниб турибдики, бунда истеъмолчи ва “фойдаланишга тайёр ҳолда” ишларни амалга оширувчи ихтисослашган хусусий ташкилотлар ўртасида шартномалар орқали тартибга солиниши мумкин бўлган оддий муносабатлар ўртада Давлат хизматлари агентлиги, ҲЭТК воситачилигини қўшиш орқали мураккаблаштирилган. Бундан ташқари, ушбу шартномавий муносабатлар фақат онлайн платформа орқали ўрнатилиши мумкинлиги назарда тутилган.

Аммо, бу “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонунда назарда тутилган хўжалик шартномаларини тузишнинг эркинлиги принципига зиддир.

Ваҳолангки, агар лойиҳада “Онлайн платформа” орқали тарафларга енгилликлар жорий этилиши назарда тутилганда, уни мажбурий тартибда эмас, балки ихтиёрий амалга ошириш мумкинлигини (яъни, қўшимча қулайликлардан бири сифатида) келтириб ўтиш лозим. Зеро, истеъмолчи “фойдаланишга тайёр ҳолда” ишларни амалга оширувчи ихтисослашган хусусий ташкилотлар билан ҳеч қандай воситаларсиз тўғридан-тўғри, шунингдек, “Онлайн платформа”да яратилган қулайликлардан фойдаланган ҳолда ҳам (яъни, эркин танловга асосланган ҳолда) шартномалар тузиш имкониятига эга бўлиши керак.

3. Лойиҳа 1-иловасининг 5-банди г) кичик банди ҳамда лойиҳа 1-иловасининг бошқа нормаларига кўра, истеъмолчиларни электр тармоқларига улаш ишларида, хусусан электр энергиясини ҳисобга олиш тизмини пломбалашда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси иштирок этиши назарда тутилган.

Аммо, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 июндаги “Табиий газ ва электр энергиясини сотиш механизмини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6010-сонли Фармони 1-банди в) кичик бандига кўра, 2020 йил 1 августдан Бюронинг электр энергияси ва табиий газ истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг замонавий автоматлаштирилган тизимлари, шунингдек, муқобил энергия манбаларининг жорий этилишини ташкил этиш ва ушбу жараёнлар устидан мониторинг ўтказишга доир вазифа ва ваколатларини ― Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигига ўтказиш белгиланган.

4. Лойиҳа 1-иловасининг 31-банди учинчи хатбошига кўра, “Лойиҳалаш, қурилиш-монтаж ва созлаш-ишга тушириш ишлари юзасидан шартномаларда белгиланган муддатларда бажарилмаганда пудратчи истеъмолчига кунига 0,04 фоиз миқдорида пеня тўлайди”, - деб белгиланган.

Аммо, амалдаги қонун нормаларида шартномалардан келиб чиқувчи муносабатларда иш бажарувчи томонидан ишлар бажарилмаган ёки хизматлар кўрсатилмаган ҳолларда пеняни ҳисоблаш тартиби, унинг миқдори билан боғлиқ нормалар аниқ белгиланган бўлиб, юқоридаги норма ушбу талабларга зиддир.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида” Қонуннинг 25-моддасига кўра, Товарларни етказиб бериш муддатлари кечиктириб юборилган, тўлиқ етказиб берилмаган, ишлар бажарилмаган ёки хизматлар кўрсатилмаган ҳолларда, товар етказиб берувчи (пудратчи) сотиб олувчига (буюртмачига) кечиктирилган ҳар бир кун учун мажбурият бажарилмаган қисмининг 0,5 фоизи миқдорида пеня тўлайди, бироқ бунда пенянинг умумий суммаси етказиб берилмаган товарлар, бажарилмаган ишлар ёки кўрсатилмаган хизматлар баҳосининг 50 фоизидан ошиб кетмаслиги лозим”.

5. Юқоридагилардан келиб чиқиб, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқорида келтирилган ПФ-4525-сонли Қарорида берилган топшириқлар ижросини тўлиқ таъминлаш мақсадида, лойиҳани қайта кўриб чиқиш, унда тадбиркорлик субъектларини электр тармоқларига улаш тартибини соддалаштириш ҳамда соҳада хусусий ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш, бундай хусусий ташкилотлар томонидан “фойдаланишга тайёр ҳолда” ишларни амалга ошириш имкониятини яратиш масалаларини назарда тутиш тавсия этилади.

Бу борадаги фаолият давом этмоқда.

 

ССП Матбуот хизмати