04.06.2020 805

Малайзиянинг энг йирик “Кланг” портида Ўзбекиcтонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар учун махсус “Шоу-рум” ташкил этилиши муҳокама қилинди


Жорий йилнинг 4 июнь куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг ўринбосари Ф.Усманов ва Экспортга кўмаклашиш бошқармаси бошлиғи Ғ.Усмонов Малайзиянинг энг йирик улгуржи савдо мажмуаси ҳисобланмиш “GM Klang Wholesale City” компанияси билан видеоконференция шаклида ўтказилган тадбирда иштирок этдилар.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад Малайзиянинг Кланг порт шаҳридаги “GM Klang Wholesale City” савдо мажмуасида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган “миллий маҳсулотлар” кўргазмаси учун “Шоу-рум” ташкил этиш ва уни амалга ошириш масалаларини муҳокама этишдан иборат бўлди.

Тадбирда “GM Klang Wholesale City” компанияси масъул вакили томонидан ушбу улгуржи савдо маркази 2009 йилда ташкил этилганлиги ва у Малайзиянинг энг йирик Кланг портида, яъни Куала Лумпур Халқаро Аэропорти яқинида жойлашганлиги ҳамда савдо маркази ўз ичига тахминан 140 минг кв.метрни қамраб олиши маълум қилинди.

Мазкур савдо мажмуасида 2,5 минг улгуржи савдо дўконлари жойлашганлиги ва унда 20 дан ортиқ давлатдан компаниялар ўз маҳсулотларини намойиш этишлари ва тижорат билан шуғулланиш имконияти мавжуд эканлиги айтилди.

Ушбу “Шоу-рум”да Ўзбекистон корхоналари учун текстиль, электротехника, гилам, ҳунармандчилик маҳсулотлари, уй жиҳозлари, гўзаллик ва соғломлаштириш маҳсулотларини жойлаштириш Малайзияда харидорларни кенгроқ жалб этиш имкониятини бериши таъкидланди.

Шу муносабат билан, Палата томонидан Малайзияда Ўзбекистон маҳсулотлари учун ташкил этиладиган “Шоу-рум”да маҳаллий тадбиркорлик субъектларининг фаол иштирокини таъминлашда ҳамкорлик қилишга тайёр эканлиги билдирилди.

Малайзиянинг  “GM Klang Wholesale City” компанияси орқали  “миллий маҳсулотлар” кўргазмаси учун “Шоу-рум” да ўз маҳсулотларини намойиш қилиш истагидаги маҳаллий тадбиркорлик субъектлари ўз таклифларини Палатанинг Экспортга кўмаклашиш бошқармаси expo@chamber.uz  электрон манзилига тақдим этишлари мумкин.

Қўшимча маълумот учун Экспортга кўмаклашиш бошқармаси маъсул ходими С.Аъзамовга +99878 150-60-06 телефон орқали мурожаат қилишлари мумкин.

 

ССП Матбуот хизмати