03.06.2020 216

Кексалар саёҳатларини қўллаб-қувватлаш борасидаги қонунчиликдаги янгиликлар


Мамлакатимизда ногиронлар ва ёлғиз кексаларга бўлган хурмат ва эхтиром юзасидан уларга моддий ёрдам кўрсатиш, нафақа, тиббий хизматлар кўрсатиш ҳамда бепул саёҳат йўлланмаларни ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги  2020 йил 28 майдаги ВМҚ-340-сонли  Қарори қабул қилинди.

Ушбу Қарорга кўра, кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар белгиланган.

Ҳар йили 1 ноябрдан 30 ноябргача “Кексалар учун туризм ойлиги” ўтказиладиган бўлиб, унда дунё бўйлаб кексаларни саёҳат қилишини рағбатлантириш кўзда тутилган.

Ушбу ойлик доирасида вазирлик ва идоралар томонидан қуйидаги ишлар амалга оширилади:

  • худудлардаги туризм инфратузилма объектлари (жойлаштириш воситалари, умумий овқатланиш шаҳобчалари) томонидан ихтиёрий тақдим қилинадиган чегирмалар ва акциялар тўғрисида ўз расмий веб-саҳифасида эълон қилиб бориш;
  • саёҳат қилувчилар учун  вилоятлараро қатнови автобус, авиа ва темир йўл чипталарига ихтиёрий чегирмаларни эълон қилиш ҳамда лицензияси бор тадбиркорлик субъектларининг ташиш хизматиларига ихтиёрий чегирмалар тўғрисидаги маълумотларни йиғиш ва эълон қилиш чораларини кўриш;
  • республикадаги маданий мерос объектларига кириш чипталарига чегирмалар эълон қилиш;
  • биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган саёҳат қилувчи кексалар рўйҳатини ҳар йили 1 октябрга қадар шакллантирилиб бориш.

“Саёҳат барча учун!” - шиори остида ҳайрия саёҳати лойиҳаси ташкил этилмоқда.

Ушбу хайрия саёҳати доирасида:

  • саёҳат давомида саёҳатчиларни жойлаштириш, овқатлаштириш ва транспорт хизматлари учун маблағларнинг 50 фоизи  “Саёҳат барча учун!” хайрия махсус ҳисобварағидан, 50 фоизи “Нуроний жамғармаси” маблағлари ҳисобидан қопланиши;
  • биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган кексаларга хизмат кўрсатиш учун мос транспортга ва саёҳат режасига эга туризм соҳаси субъектлари билан танлов асосида шартнома тузиш назарда тутилган.

 

ССП Юридик бюро томонидан тайёрланди.

ССП Матбуот хизмати