02.06.2020 159

Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида


“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 342 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.

Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Чорвачилик субъектларига ажратилган озуқа ер майдонларидан мақсадли ва унумли фойдаланиш механизмларини жорий этиш тўғрисида”ги Қарори лойиҳаси  жамоатчилик экспертизасидан  ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:

1. Лойиҳа билан чорвачилик субъектлари томонидан чорва моллари бош сонини кўпайтириш, гўшт, сут ва бошқа чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг йиллик кўрсаткичларини белгилаш, шунингдек ушбу йиллик кўрсаткичларини бажармаган чорвачилик субъектларидан фаолият юритиш учун берилган ер участкаларини туман (шаҳар) ҳокимлиги захирасига қайтариш назарда тутилмоқда.

Бироқ, таклиф этилаётган таҳрир билан чорвачилик соҳасида мазмунан режали иқтисодиётни жорий қилиш таклиф этилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, бозор иқтисодиёти тамойилларига зиддир.

Бундан ташқари, бундай кўрсаткичларни белгилаш орқали лойиҳадан кўзланган мақсадларга эришиб бўлмайди. Чунки чорва молларини кўпайтириш, берилган ер майдонларидан самарали фойдаланиш, кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқариш, умуман олганда даромад олишдан, биринчи навбатда, тадбиркорлик субъектининг ўзи манфаатдор бўлиши лозим.

Хусусан, таклиф этилаётган тартиб амалда кўрсаткичларни қўшиб ёзиш, суиистеъмоллик ва коррупция ҳолатларига олиб келиши аниқ.

Шу билан бирга, бундай тартиб мазмунан тадбиркорлик фаолияти субъекти бўлган чорвачилик субъектлари фаолиятига аралашишни назарда тутмоқда.

Бироқ, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун 34-моддаси биринчи қисмига кўра, Давлат органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик фаолияти субъектларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошираётган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас”.

Шунингдек, чорвачилик субъектининг берилган ердан фойдаланиш бўйича мажбуриятлари амалдаги ер қонунчилиги билан тартибга солинган ҳамда ижара шартномасида ҳам назарда тутилади.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳани бу таҳрирда қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмаслиги маълум қилинади.

2. Палата тавсияларининг кўриб чиқилиши натижаси юзасидан Палатага хабар берилиши лозим.

 

ССП Матбуот хизмати