26.03.2020 500

Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида


“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда. 

Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг “Солиқ аудитини ўтказиш тўғрисида”ги Низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:

1. Тадбиркорлик субъектлари фаолияти устидан текширишлар ўтказиш талаблари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27.07.2018 йилдаги ПФ-5490-сон “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини химоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгилаб берилган. 

Шу боис, лойиҳа иловасини мазкур Фармон талабларига тўлиқ мослаштириш лозим. Хусусан:

1.1. Лойиҳа иловасида солиқ аудитини ўтказиш асослари белгиланмаган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27.07.2018 йилдаги ПФ-5490-сон Фармонга кўра, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ташаббуси билан чиқиш тегишли тадбиркорлик субъектлари томонидан қонунбузарлик содир этиш хавфи даражасидан келиб чиқиб, текширувни ташаббус қилишни назарда тутувчи “хавфни таҳлил этиш” тизими натижалари асосида амалга оширилади.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27.07.2018 йилдаги ПФ-5490-сон Фармони талабларидан келиб чиқиб, солиқ соҳасида тадбиркорлик субъектлари фаолиятидаги барча текширишлар хавф-таҳлили натижалари асосида ўтказилишини қатъиян белгилаб қўйиш лозим.

Шу боис, лойиҳа иловасини юқорида келтирилган Фармон талабларига мослаштириш тавсия этилади.

1.2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27.07.2018 йилдаги ПФ-5490-сон Фармонига кўра, назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олиниши шарт.

Текширувларни электрон рўйхатгаолиш ягона тизимида рўйхатга олинмаган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар ноқонуний ҳисобланади.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган текширувларнинг натижалари назорат қилувчи органлар томонидан текширув тамомлангандан кейин уч кун давомида Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига киритилиши белгиланган.

Бироқ, лойиҳа иловасида ўтказиладиган текширувни ва у тамомлангандан кейин унинг натижасини Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига киритиш тартиби белгиланмаган.

Шу боис, лойиҳа иловасига ўтказиладиган текширувларни ва уларнинг натижаларини Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига жойлаштириш тўғрисида қоида киритиш лозим.

1.3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2018 йил 7 сентябрда 3067-сон билан рўйхатга олинган Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни келишиш ва ўтказиш тартиби ҳақидаги вақтинчалик низом талабларидан келиб чиққан ҳолда лойиҳа иловасида солиқ органи ва солиқ тўловчи (унинг вакили)нинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини алоҳида боб сифатида кўрсатилиши тавсия этилади.

1.4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27.07.2018 йилдаги ПФ-5490-сон Фармонига мувофиқ, Савдо-саноат палатасива бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларга тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш ҳамда якунлари юзасидан ҳар чоракда ваколатли органга ахборот тақдим қилиши кўрсатилган.

Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонунининг 14-моддасида Палата ўтказиладиган текширувларнинг қонунийлиги устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириши белгиланган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2020 йил 27 феврал куни “Тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартириш бўйича чора-тадбирлар юзасидан” ўтказилган йиғилишда давлат раҳбари томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш Палатанинг асосий вазифаларидан бири эканлиги таъкидлаб ўтилган.

Шуни эътиборга олиш керакки, жамоатчилик назоратини Палата тадбиркорлик субъекти Палата аъзоси бўлишидан қатьий назар амалга оширади. Лекин, ушбу вазифани амалга ошириш учун текширувчи органлари, шу жумладан солиқ органлари томонидан тадбиркорлик субъектига текшириш устидан жамоатчилик назоратини ўтказишни талаб қилиши ва бу ҳақда Палата ёки бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларини ҳабардор қилиш ҳуқуқига эга эканлиги тушунтирилиши лозим.

Шу боис, лойиҳа иловасида солиқ органининг “солиқ тўловчи ёки унинг вакилини ўтказиладиган текширув устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун Савдо-саноат палатаси ёки бошқа нодавлат нотижорат ташкилотини жалб қилиш мумкинлигини тушунтириш” мажбуриятиникиритиш тавсия этилади.

2. “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонунининг 7- моддасида Палата аъзолари бўлган тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг мониторингини амалга ошириши ҳамда тадбиркорлик фаолиятни текширишларда иштирок этиши белгиланган.

Палата ушбу юклатилган вазифани, Қонунда белгиланган мазкур ҳуқуқий воситадан самарали фойдаланган ҳолда, текширув органли, шу жамладан солиқ органлари, текширув ўтказишдан олдин Палатанинг тегишли ҳудудий бўлинмаларига хабар берилсагина, амалга ошириши мумкин.

Шу боис, лойиҳа иловасида солиқ органлари томонидан Палата ва унинг ҳудудий бўлинмаларини текширишдан камида 1 кун олдин хабардор қилиш тартибини жорий этиш лозим.

Юқорида келтирилган Қонун талабларидан келиб чиқиб, лойиҳа иловасининг 30 – бандини қуйидаги хатбоши билан тўлдириш тавсия этилади:

“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси аъзоси бўлган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишдан камида 1 кун олдин тегишлиги бўйича Палата ва (ёки) унинг ҳудудий бўлинмаларини ёзма равишда ҳабардор этиш”.

3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2019 йил 30 декабрда 3207-сон билан рўйхатга олинган Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчилар фаолиятида амалга ошириладиган солиқ назорати тадбирини видеотасвирга олиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 4-бандига кўра, солиқ тўловчилар ва уларнинг вакиллари солиқ органи томонидан амалга ошириладиган назорат тадбири жараёнини видеотасвирга олиш ҳуқуқига эга.

Шу боис, мазкур Низом талабларидан келиб чиққан ҳолда лойиҳа иловасида солиқ тўловчининг “солиқ органи томонидан амалга оширилаётган сайёр солиқ текшируви жараёнини фото ва видео тасвирга олиш” ҳуқуқини белгилаб қуйиш лозим.

4. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 ноябрдаги 920-сон Қарори билан тасдиқланган Назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларини тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини бериш юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом талабларидан келиб чиқиб, лойиҳа иловасининг 30-банди иккинчи хатбошисини қуйидаги таҳрирда баён этиш тавсия этилади: 

“шахсий хизмат гувоҳномаси ҳамда текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномасини кўрсатиши”.

5. Лойиҳа иловасининг 13-бандида “Солиқ аудитини ўтказиш жараёнида олдин ўтказилган солиқ аудитида солиқ органига маълум бўлмаган янги ҳолатлар аниқланган тақдирда, солиқ органи фақатгина янги ҳолатлар бўйича қайта солиқ аудитини тайинлаши мумкин. Бу ҳақида солиқ аудитини ўтказаётган мансабдор шахс солиқ органи раҳбарига (раҳбар ўринбосарига) илтимоснома киритади ва шу асосида солиқ органининг раҳбари (раҳбар ўринбосари) томонидан қўшимча буйруқ расмийлаштирилади”, – деб кўрсатилган.

Бироқ, Солиқ кодексининг 140-моддаси ўнинчи қисмига кўра, “Ушбу Кодекснинг 143-моддасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ аудити фақат ушбу Кодекснинг 88-моддасида белгиланган даъво қилиш муддати ўтмаган охирги солиқ аудитидан кейинги даврни қамраб олиши мумкин, - деб кўрсатилган.

Шунингдек, Солиқ кодексининг 140-моддаси биринчи қисмига мувофиқ Муайян давр учун солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлашнинг тўғрилигини текшириш солиқ аудитидир”.

Бундай солиқ текшируви, солиқ органи раҳбарининг (раҳбари ўринбосарининг) томонидан тасдиқланган солиқ аудитини ўтказиш тўғрисидаги буйруғи ва уни ўтказиш дастури асосида амалга оширилади (СК 140-моддаси тўққизинчи қисми). Демак, тайинланган солиқ аудити, ундан аввал ўтказилган аудит даврини текшириши Кодексда назарда тутилмаган

Шу билан бирга, аудит утказаётган солиқ органи ўзининг ваколати билан, аввалги (солиқ аудити программаси ва тасдиқланган текширув давридан фарқли) даврга солиқ аудит тайинлаши, тадбиркорлик фаолиятига салбий таъсир кўрсатувчи, ҳамда тўсқинлик қилувчи омилларни юзага келтириш эхтимолини яратади. 

Ўз навбатида, аввалги солиқ текширувида солиқ органига маълум бўлмаган янги ҳолатлар аниқланган тақдирда, бундай фактлар солиқ текширувига асос бўлиши мумкинлигини инобатга олиб, бу жараёнда субъектив омилларга чек қўйилиши мақсадида, Давлат солиқ қўмитаси билан келишиш механизми киритилиши ва лойиха иловасининг 13-бандини қўйидаги таҳрирда баён этиш тавсия этилади: 

Аввал ўтказилган солиқ аудити чоғида солиқ органига маълум бўлмаган янги ҳолатлар аниқланган тақдирда, текширувни амалга оширган солиқ органи Давлат солиқ қўмитаси билан келишилган холда, такрорий солиқ аудитини тайинлашга ҳақли”.

6. Лойиҳа иловасининг 37-бандига кўра: 

“Солиқ тўловчининг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туришни бекор қилиш тўғрисида қарор солиқ органи томонидан хизмат кўрсатувчи банкка қуйидаги муддатларда юборилади:

а) суд томонидан банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш муддатини узайтириш рад этилган тақдирда – суд қарори олинган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай;

Бироқ, амалиётда суд қарорлари улар қабул қилинган кундан камида 1 ҳафта ўтиб берилади. Бу вақт оралиғида тадбиркорнинг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб турилиши унинг молиявий жиддий зарар етказиши мумкин.

Шу боис, лойиҳа иловасининг 37-банди “а” кичик бандини қуйидаги таҳрирда баён қилиш тавсия этилади:

“а) суд томонидан банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш муддатини узайтириш рад этилган тақдирда – суд қарори қабул қилинган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай”.

7. Лойиҳа иловасининг 38, 44 ва 51-бандларида “солиқ органи мансабдор шаҳслари ... бошқа шу каби солиқ тўловчилар тўғрисидаги маълумотлар асосида солиқлар ва йиғимла суммасини ҳисоб-китоб орқали мустақил равишда аниқлашга ҳақли”,– деб кўрсатилган.

Бироқ, бошқа бир солиқ тўловчи тўғрисидаги маълумотлар асосида иккинчи солиқ тўловчининг солиқлар ва йиғимлар суммасини ҳисоб-китоб қилиш мантиқан нотўғри бўлиб, мазкур холат солиқ органлари мансабдор шаҳслари томонидан ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва коррупция ҳолатларини келтириб чиқариши мумкин.

Шу боис, лойиҳа иловасининг 38, 44 ва 51-бандларидан “бошқа шу каби солиқ тўловчилар тўғрисидаги маълумотлар асосида солиқлар ва йиғимла суммасини ҳисоб-китоб орқали мустақил равишда аниқлашга ҳақли” сўзларини чиқариб ташлаш мақсадга мувофиқ.

8. Лойиҳа иловасининг 41-банди тўққизинчи хатбошида “Солиқ аудитини ўтказаётган мансабдор шахслар ўз ваколатлари доирасида заруратдан келиб чиқиб белгиланган тартибда сайёр солиқ текширувиниташкиллаштиришмумкинлиги” белгиланган.

Бироқ, Солиқ кодексининг 137-моддасида сайёр солиқ текшируви солиқ назоратининг алоҳида тури сифатида эътироф этилган. Шунингдек, бундай текширув буйрук, далолатнома, қарор, ижро – элементлари билан тартибга солинган (СК 139-моддаси).

Ўз навбатида, солиқ аудити солиқ тўловчиларнинг (солиқ агентларининг) юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига мансуб солиқ тўловчига (солиқ агентига) нисбатан ўтказилади(СК 140-моддаси).

Таъкидлаш лозимки, сабаб ва оқибат кетма-кетлиги тамойилидан келиб чиққан холда, солиқ тўловчини “юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига мансуб” деб сегментация қилинишида, айнан сайёр текширув натижалари ҳам сабаб бўлиши лозим.

Шунингдек, солиқ аудити тайинланишида хронометраж ва шу каби солиқ назоратининг бошқа тадбирларини ўтказишга зарурият туғилаётган бўлса, бундай амалиёт солиқ текшируви программасида акс эттирилиши кифоя.

Шу боис, лойиҳа иловасининг 41-банди тўққизинчи хатбошини чиқариб ташлаш лозим.

9. Лойиҳа иловасининг 47-бандида “Солиқ аудитини амалга оширувчи солиқ органи текширилаётган солиқ тўловчининг фаолиятига тааллуқли ҳужжатларни (ахборотни) учинчи шахсдан талаб қилиб олиш тўғрисидаги топшириқномани, мазкур шахс ҳисобда турган жойидаги солиқ органига юборади”, - деб белгиланган.

Бироқ, бир солиқ органининг (инспекция) иккинчи солиқ органи (инспекция)га билвосита топшириқ бериши тадбиркорлик фаолиятига салбий таъсир кўрсатувчи ҳамда тўсқинлик қилувчи омилларни юзага келтириши мумкин (талабнинг асослилиги, унга жавобан хабар берилиши ёки берилмаслиги, сунъий равишда текширув даврининг чўзилиши, келишилган холда у ёки бу солиқ тўловчига тазйик ўтказиш ва ҳ.).

Бундай амалиёт юқори турувчи солиқ органи (ДСБ) назоратида юритилиши мақсадга мувофиқ бўлиб, Солиқ кодексининг 147-моддаси талаблари бузилиш холатларига йўл қўйилмайди.

Шу боис, лойиҳа иловасининг 47-бандининг биринчи хат хатбошисини қуйидаги таҳрирда баён этиш тавсия этилади:

“Солиқ аудитини амалга оширувчи солиқ органи текширилаётган солиқ тўловчининг фаолиятига тааллуқли ҳужжатларни (ахборотни) учинчи шахсдан талаб қилиб олиш тўғрисидаги топшириқномани, мазкур шахс ҳисобда турган жойидаги солиқ органига, унинг юқори турувчи солиқ органи орқалик юборади”.

10. Лойиҳа иловасининг 50-бандида “Учинчи шахслардан ҳужжатлар ва ахборотларни талаб қилиб олиш сайёр солиқ текширувини ташкил этиш орқали амалга оширилиши мумкин”,– деб белгиланган.

Таклиф этилаётган норма мазмунан муқобил текширишни назарда тутмоқда. 

Учинчи шахслардан ҳужжатлар ва ахборотларни талаб қилиб олиш учун сайёр солиқ текширувини ташкил этиш – бу ўз ўзидан муқобил текшириш ҳисобланиб, тадбиркорлик субъектларининг қонун билан ҳимоя қилинган ҳуқуқ ва манфаатлари бузилишига олиб келади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 05.10.2016 йилдаги ПФ-4848-сон “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони 3-бандига мувофиқтадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилинган.

Юқоридагиларни инобатга олиб, лойиҳа иловасининг 50-бандини чиқариб ташалаш лозим.

11. Лойиҳа иловасининг 56-бандида “Солиқ органининг солиқ аудитини ўтказаётган мансабдор шахси солиқларни ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш билан боғлиқ ҳужжатларни ва электрон ахборот жисмларини олиб қўйишга ҳақли”,– деб кўрсатилган.

Солиқ кодекси ва лойиҳа иловасида “электрон ахборот жисмлари” тушунчасига таъриф берилмаган. 

Шу боис, ушбу тушунчанинг ҳар қил талқин қилинишининг олдини олиш мақсадида, “электрон ахборот жисмлари” таркибига айнан қандай жисмлар киришини аниқ белгилаш тавсия этилади.

12. Лойиҳа иловасининг 56-бандида “Тунги вақтда ҳужжатлар ва буюмларни олиб қўйишга йўл қўйилмайди. Бундан ўз фаолиятини тунги вақтда амалга оширадиган солиқ тўловчилар мустасно”,– деб кўрсатилган.

Бироқ, Солиқ кодексининг 148-моддасида ҳужжатлар ва буюмларни тунги пайтда олиб қўйишга йўл қўйилмайди- деб қатъий белгиланган.

Мазкур норма императив характерга эга бўлиб, уни кенгайтирилган маънода талқин қилинишига йул қўйилмайди. 

Ўз навбатида, бундай ҳолат солиқ тўловчининг фаолиятиига баҳо берилишида субъектив омилларга йўл қўйиш орқали, тадбиркорлик фаолиятига салбий таъсир кўрсатувчи ҳамда тўсқинлик қилувчи хафни юзага келтириши мумкин

Шу боис, лойиҳа иловасининг 56-бандидан “Бундан ўз фаолиятини тунги вақтда амалга оширадиган солиқ тўловчилар мустасно” сўзларини чиқариб ташлаш мақсадга мувофиқ.

13. Лойиҳа иловасининг 58-бандида “Барча олиб қўйиладиган ҳужжатлар ва буюмлар холисларга ҳамда олиб қўйишда иштирок этувчи бошқа шахсларга кўрсатилади ва зарур бўлган тақдирда олиб қўйилган жойда ўралади”, - деб кўрсатилган.

Бироқ, Солиқ кодексининг 148-моддасида ҳужжатлар ва буюмларни олиб қўйиш холислар ҳамда ҳужжатлари ва буюмларини олиб қўйиш амалга оширилаётган шахслар иштирокида ўтказилади деб қатъий белгиланган.

Шунингдек, Кодекснинг 21-моддасига кўра, солиқ туловчининг ушбу Кодексга мувофиқ ўз ҳудудида ўтказиладиган сайёр солиқ текширувини ва солиқ аудитини ўтказиш чоғида ҳозир бўлиш ҳуқуқи белгиланган. 

Мазкур жараёнда ҳужжатлари ва буюмлари олиб қўйилаётган шахснинг иштироки аниқ кўрсатилмаслиги, келажакда кўпгина ҳуқуқий муаммоларни юзага келтириши мумкин. 

Ўз навбатида, бундай ҳолат солиқ тўловчининг фаолиятиига баҳо берилишида субъектив омилларга йўл қўиш орқалик, тадбиркорлик фаолиятига салбий таъсир кўрсатувчи ҳамда тўсқинлик қилувчи хафни юзага келтириши мумкин 

Шу сабабли, лойиҳа иловасининг 58-бандини қуйидаги таҳрирда баён этиш тавсия этилади:

Ҳужжатлар ва буюмларни олиб қўйиш холислар ҳамда ҳужжатлари ва буюмларини олиб қўйиш амалга оширилаётган шахслар иштирокида амалга оширилади. Барча олиб қўйиладиган ҳужжатлар ва буюмлар холислар ҳамда олиб қўйишда иштирок этувчи бошқа шахсларга кўрсатилади ва зарур бўлган тақдирда олиб қўйилган жойда ўралади”.

14. Лойиҳа иловасининг 116-бандида “Солиқ аудити ўтказилган даврлар учун солиқлар ва йиғимлар суммасининг камайишини назарда тутувчи аниқлаштирилган солиқ ҳисоботлари қабул қилинмайди”,– деб кўрсатилган.

Бироқ, Солиқ кодексининг 83-моддасида (Солиқ ҳисоботига ўзгартиришлар киритиш) бундай чеклов назарда тутилмаган ва бундай тартиб Солиқ кодексида мавжуд эмас

Шунингдек, Солиқ кодексининг 21-моддасида солиқ тўловчисининг солиқ солиш объектларини ҳисобга олишда, солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашда ўзлари йўл қўйган хатоларни мустақил равишда тузатишҳуқуқи белгиланган.

Ўз навбатида, Кодекснинг 140-моддасига кўра, солиқ аудити ўтказилаётган даврда текширилаётган даврнинг солиқ ҳисоботига солиқ тўловчи томонидан ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилишига йўл қўйилмайди”, – деб белгиланган бўлсада, бундай чеклов фақатгина солиқ аудити ўтказилаётган даврда, яъни текшириш вақтида амал қилади.

Солиқ тўловчи томонидан солиқ аудити ўтказилган даврлар учун солиқлар ва йиғимлар суммасининг камайишини назарда тутувчи аниқлаштирилган солиқ ҳисоботлари тақдим этилган тақдирда, бундай харакат “олдин ўтказилган солиқ аудитида солиқ органига маълум бўлмаган янги ҳолатлар”деб баҳоланиши мақсадга мувофиқ.

Шу сабабли, лойиҳа иловасининг 116-бандини чиқариб ташлаш лозим.

15. Солиқ органлари мансабдор шахсларининг масъулиятини ошириш ҳамда солиқ текширувларининг қонунийлигини таъминлаш мақсадида, лойиҳа иловасининг 119-бандини қуйидаги таҳрирда баён қилиш тавсия этилади:

“Мазкур Низом талабларига риоя қилмасдан, солиқ аудитини тўлиқ, ҳар томонлама ва ҳолисона ўтказмаганлиги натижасида бюджетга ёки солиқ тўловчига етказилган зарар учун солиқ органи раҳбари (унинг ўринбосари) ҳамда солиқ аудитини ўтказган мансабдор шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар”.

16. Баён этилганларни инобатга олган ҳолда, лойиҳа иловасини юқорида билдирилган таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқ қайта кўриб чиқиш тавсия этилади.

Бу борадаги фаолият давом этмоқда.

 

ССП Ахборот хизмати