25.03.2020 3281

Ташқи савдо шартномалари бўйича чекловлар амал қиладиган давр учун енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатлари келиб чиқишини тасдиқлашга доир Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг ХАБАРНОМАСИ


Жаҳонда коронавирус пандемияси тарқалиши туфайли уни бартараф этишга қаратилган кескин чораларни кўрилиши ташқи савдо соҳасида енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолати юзага келиши сабабли ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан шартномавий мажбуриятларнинг тўлақонли бажарилмай қолишига олиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 333-моддасига мувофиқ қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган шахс мажбуриятни лозим даражада бажаришга енгиб бўлмайдиган куч, яъни фавқулодда ва муайян шароитларда олдини олиб бўлмайдиган вазиятлар (форс-мажор) туфайли имкон бўлмаганлигини исботлай олмаса, жавобгар бўлиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 15 февралдаги 63-сонли “Енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш механизмини амалга киритиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш тартиби белгиланган. 

Мазкур қарорга мувофиқ енгиб бўлмайдиган кучлар оқибатида шартнома томони мажбуриятларни бажариши учун имконият бўлмаганда шартнома томони енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш тўғрисида сертификат Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан берилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 15 февралдаги 63-сонли қарори билан тасдиқланган Енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 2-бандига мувофиқ енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатлари - бу томонларнинг иродаси ва фаолиятларига боғлиқ бўлмаган табиат ҳодисалари (зилзила, кўчки, бўрон, қурғоқчилик ва бошқалар) ёки ижтимоий-иқтисодий ҳолатлар (уруш ҳолати, қамал, давлат манфаатларини кўзлаб импорт ва экспортни тақиқлаш ва бошқалар) сабабли юзага келган шароитларда томонларга қабул қилинган мажбуриятларни бажариш имконини бермайдиган фавқулодда, олдини олиб бўлмайдиган ва кутилмаган ҳолатлар саналади.

Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 333-моддаси 3-хатбошисига мувофиқ форс-мажор ҳолатларига қарздорнинг шартлашувчи шериклари томонидан мажбуриятларнинг бузилиши, мажбуриятни бажариш учун зарур товарларнинг бозорда йўқлиги ва қарздорда зарур пул маблағларининг бўлмаганлиги каби вазиятлар кирмаслиги белгиланган.

Маҳаллий тадбиркорлик субъектлари енгиб бўлмайдиган кучлар оқибатида ташқи савдо шартномаларидаги мажбуриятларини бажариш имконияти бўлмаганда енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатлари тасдиғини олиш учун Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ёки Ўзбекистон Савдо-саноат палатасига қуйидаги ҳужжатлар билан мурожаат қилишлари лозим:

  • енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолатларини тасдиқлаш учун манфаатдор томоннинг енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолатлари кўрсатилган ёзма аризаси;
  • хорижий ҳамкор билан тузилган экспорт/импорт шартномаси ҳамда шартномага спецификацияларнусҳалари;
  • шартнома бўйича бажарилган мажбуриятлар ҳажмлари тўғрисида маълумотлар;
  • енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолатларини тасдиқлаш тўғрисида сертификат олиш учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжати нусҳаси.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш учун тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиб, агар форс-мажор ҳолати юз берганлиги тасдиқланса, уни асосида бир кун муддатда тадбиркорлик субъектларига тегишли сертификатни расмийлаштириб беради.

Мазкур масалада мурожаат учун:

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг +99871 71 238-50-23 ва 238-50-22 телефонлари;

Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг 1094 қисқа рақамли телефонига қўнғироқ қилиш мумкин. 

 

ССП Ахборот хизмати