22.12.2019 2497

ССПда Буюк Британия, Литва ва Германиядан келган халқаро кузатувчилар билан учрашувлар ўтказилди


Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасида Буюк Британия, Литва ва Германиядан келган халқаро кузатувчилар билан қатор учрашувлар бўлиб ўтди.

Меҳмонларни Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари Ислом Жасимов қабул қилди.

Буюк Британия парламенти Лордлар палатаси аъзоси Жон Десмонд Вейверли билан бўлиб ўтган учрашувда икки мамлакат ишбилармонлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, шунингдек, Ўзбекистон ва Буюк Британия ишбилармон доиралари иштирокидаги қўшма тадбирлар хусусида сўз юритилди.

Учрашув давомида Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмита раиси, Литва Сеймидаги Ўзбекистон билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳ раҳбари Валериус Симулик савдо, иқтисодиёт, инвеститсия, транспорт ва ахборот технологиялари соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Учрашув икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилиши ва Ўзбекистон ва Литва корхоналари учун қўшимча рағбатлантирувчи омил бўлиши таъкидланди.
Шунингдек, CДУ / CСУ фрактсиясининг ташқи сиёсат масалалари бўйича катта маслаҳатчиси, Германия Кичик ва ўрта бизнес иттифоқи Ижроия кенгаши аъзоси Андрей Ян билан бўлган учрашувда икки томонлама ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва инвеститсион ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Германия томонига республикада амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар, эркин иқтисодий зоналар, бизнесни юритиш учун қулай шароитлар, шунингдек, хорижий сармоядорлар учун яратилган имтиёз ва преферентсиялар тўғрисида маълумот берилди.

 

ССП Ахборот хизмати