11.11.2019 306

Шавкат Мирзиёев «Валдай» конференцияси иштирокчиларига табрик йўллади


Самарқандда «Валдай» мулоқот клуби ҳамда Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти билан ҳамкорликда ташкиллаштирилган Х Осиё конференцияси давом этмоқда. 

Самарқанд шаҳридаги халқаро форумлар саройида ўтаётган конференция иштирокчиларига Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг табриги ўқиб эшиттирилди:

«Етакчи сиёсатчилар, эксперт ва зиёлилар иштирокидаги «Валдай» клубининг Х Осиё конференциясини илк марта Ўзбекистонда ўтказиш биз учун шараф. Барчангизга бизнинг меҳмондўст заминимизга хуш келибсиз деб қоламан. Бу конференция узоқ йиллар Шарқ ва Ғарб маданиятларининг ўзаро бир-бирини бойитишга хизмат қилган, янги ғоялар ва илм ривожланган Самарқандда ўтказилаётганида рамзий маъно бор.

Самарқанд дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган ва бугунги кунда ҳам халқаро муносабатларнинг мустаҳкамланишида муҳим рол ўйнаш баробарида халқаро муносабатлардаги очиқ мулоқот учун муҳим жойга айланмоқда.

Охирги икки йилда бу ерда Ўрта Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланиш бўйича иккита конференция, инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми ва яна қатор халқаро тадбирлар юқори даражада ўтказилди. Бу минтақа учун тарихий маъно касб этадиган ҳамкорликнинг «самарқандча руҳи» ҳақида гапиришга имкон беради. Умид қиламан, бугунги учрашув ҳам яхши анъанани давом эттирган ҳолда очиқлик руҳида юқори даражада ўтади.

«Валдай» клубининг ҳар бир йиғилиши обрўли ҳисобланади ва экспертлар диққат марказида туради. Бу дунё эътиборида турадиган катта воқелик. Евросиё минтақасида, шу жумладан Марказий Осиёдаги мураккаб жараёнларга бағишланган бугунги мулоқот ҳам келажакдаги ўзаро мулоқотимиз учун фойдали бўлади.

Марказий Осиё Евросиё минтақасида, умуман, бутун геосиёсатда муҳим аҳамиятга эга минтақа ҳисобланади. Қисқа муддатдаги ўзаро ҳамкорликда минтақада янги дўстлик, ҳамкорлик ва яхши қўшничилик муносабатлари шакллантирилди. Ички муаммоларни ҳал этишда ёрдам берадиган сиёсий ишонч ошди. Давлат чегаралари, сувдан фойдаланиш, транспорт ва савдо борасидаги масалаларга ечим топилди.

Буларнинг барчаси, шубҳасиз, глобал хавфсизлик учун муҳим аҳамият касб этади ва Евросиё минтақаси ривожига ижобий таъсир қилади, минтақа давлатларининг дунёдаги йирик ҳамкорлар, биринчи навбатда Россия билан муносабатлари яхшиланишига кенг имконият очади.

Россия Федерацияси — Ўзбекистоннинг ишончли стратегик ҳамкори ва иттифоқчиси. Бизнинг тарихий дўстлик асосига қурилган муносабатларимиз ривожланиб бормоқда.

Биз Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги улкан потенциалга эга савдо, ишлаб чиқариш, инвестиция, инновация, энергетика, қишлоқ хўжалиги каби йирик трансминтақавий лойиҳаларни максимал даражада амалга ошириш, айниқса маданият ва таълим соҳасидаги алоқаларни ривожлантиришга эътибор бериш керак деб ўйлаймиз.

«Валдай» клубининг бугунги Ўзбекистондаги учрашуви мамлакатларимизнинг ўзаро муносабатлар мустаҳкамланиши, барча соҳалардаги ҳамкорлик ва ишончли мулоқотга интилаётганини кўрсатади.

Ҳурматли конференция иштирокчилари!

«Валдай» клубининг Самарқанддаги Х Осиё конференцияси, шубҳасиз, мамлакатларимизнинг таҳлилий-экспертлик борасидаги муносабатлари яхшиланишига хизмат қилади. Бундай учрашувлар давомли бўлишига умид қиламан.

Сизга самарали ишлашни, Шарқ дурдонаси — тарихий ва доим ёш Самарқанддан катта таассуротлар олишингизни тилаб қоламан».

ССП Ахборот-хизмати