07.11.2019 195

“Кооперация куни” юқори даражада ташкил этилди


Давлатимиз раҳбарининг саноатни жадал ривожлантириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва кўламини кенгайтириш борасидаги топшириқлари ижросини та’минлаш мақсадида, 5 ноябр “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамкорлигида “Миллий маҳсулотларни ишлаб чиқариш жараёнида маҳаллий хом-ашё ресурсларидан самарали фойдаланишнинг долзарб масалалари” мавзусида кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

Тадбирни Иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Хўжаев, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси Бошқаруви раиси Мирзиёд Юнусов ҳамда Ўбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари Ислом Жасимов очиб беришди.

Маълумки, Ўзбекистон саноатини замон талаблари асосида ривожлантириш, маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш ва турини кенгайтириш масалалари давлатимиз сиёсатининг устувор ёналишларидан бирига айланмоқда.

Бугун электротехника саноатида 400 дан ортиқ корхона фаолият юритиб, ўтган давр мобайнида ушбу корхоналар томонидан 7 трлн. сўмга тенг бўлган 2000 турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг маҳаллийлаштириш даражаси 40 фоиздан зиёдни ташкил этади.

Шунингдек, ташкил этилган ярмаркада “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси таркибига кирувчи корхоналар томонидан 200 дан ортиқ импорт хом-ашё ва бутловчи қисм маҳсулотлари намойиш қилинди. Иштирокчиларга корхоналарнинг кабел-сим, электротехника ва маиший техника маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ва бугунги кунда импорт қилинаётган бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш имкониятлари тақдимоти (презентатсия) бўлиб ўтди.

Хусусан, саноат кооперацияси асосида “Ўзавтосаноат” АЖ, “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ, “Ўзкимёсаноат” АЖ, “Ўзбекнефтегаз” АЖ, “Ўзбекэнерго” АЖ сингари кўплаб корхоналар ўртасида бутловчи қисмларни етказиб бериш юзасидан келишувларга эришилди.

Тадбирда, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари, бошқа вазирликлар ва хўжалик бирлашмаларининг масъул ходимлари, эркин иқтисодий зоналар раҳбарлари, тадбиркорлик субъектлари ва маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар вакиллари иштирок этишди.

Манба: mineconomy.gov.uz