31.10.2019 440

Президент солиқ-бюджет сиёсати, 2020 йилги бюджет муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 31 октябрь куни макроиқтисодий кўрсаткичлар, солиқ-бюджет сиёсати, давлат бюджетининг жорий йилда кутилаётган ижроси ва 2020 йилга мўлжалланган параметрлар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Давлат бюджети деганда, аввало, давлат пул маблағларининг жамғармаси тушунилади. Солиқлар, божхона йиғимлари ва бошқа турдаги тўловлар кўринишида йил мобайнида давлат ғазнасига келиб тушган маблағлар, яъни, тушумлар орқали мамлакат бюджети шакллантирилади. Ушбу маблағлар, ўз навбатида, ҳаётимизнинг турли жабҳалари, қатор ижтимоий соҳалар ривожи учун мақсадли йўналтирилади. 

Эслатиш жоиз, 2018 йилнинг 22 август куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга имзо чекди.

Мазкур қарорга мувофиқ, бюджет маълумотларининг очиқлигини янада ошириш мақсадида бюджет маблағларининг шаклланиши ва сарфланиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатишнинг янги тартиби белгиланган.

Ушбу тизимга кўра, 2020 йилдан бошлаб давлат бюджети қонун шаклида қабул қилинади ва халқ вакиллари томонидан назоратга олинади. Парламентга тақдим этиладиган Бюджет тўғрисидаги қонун лойиҳасида ва Бюджетномада аҳоли ва ташқи ҳамкорларимизга мамлакат бюджетининг ҳолати очиқ-ойдин, халқаро стандартларга мувофиқ тарзда кўрсатилади. 

Республика бюджети борасидаги норматив ҳужжатлар Олий Мажлис томонидан, маҳаллий бюджетлар эса жойлардаги халқ депутатлари кенгашлари томонидан қабул қилинади. Қолаверса, харажатлар соҳалар бўйича эмас, вазирлик ва идоралар кесимида тасдиқланади. Идоралар мустақиллигини ошириш билан бирга, харажатларнинг самараси учун масъулияти ҳам кучайтирилмоқда.

Жорий этилаётган янги тизимнинг яна бир ўзига хос жиҳати – марказлашган бюджет сиёсатидан босқичма-босқич воз кечиш. Масалан, маҳаллий бюджетлар даромадини мустаҳкамлаш мақсадида автомототранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш йиғимлари маҳаллий бюджетга ўтказилмоқда. Алкоголь маҳсулотлари ва мобил алоқа хизматини кўрсатиш учун акциз солиғи тушумлари аҳоли сонидан келиб чиқиб ҳудудлар ўртасида қайта тақсимланади. Қўшилган қиймат солиғи ва юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича прогноздан орттириб бажарилган қисми тўлиқ худудларда қолдирилади.

2020 йилдан бошлаб маҳаллий бюджетларнинг қўшимча даромадлари кенгашлар томонидан маъқулланган йўналишларга ажратилади. Фақат кечиктириб бўлмайдиган харажатларгина ҳокимликлар томонидан тасдиқланиши ва кейинчалик уларнинг тўғри сарфлангани ҳақида кенгашлар олдида ҳисобот берилиши лозим.

Йиғилишда мамлакатимиз иқтисодиётининг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари, келгуси йилга мўлжалланаётган прогноз параметрлари, иқтисодиётга таъсир этиши мумкин бўлган ички ва ташқи омиллар чуқур таҳлил қилинди. 

Халқаро экспертлар, хусусан Халқаро валюта жамғармаси жорий йилда жаҳон ялпи маҳсулоти ўсиши дастлабки прогнозга нисбатан 1 фоизгача камайиб, 3 фоиз бўлишини баҳолаган. Мамлакатимизнинг асосий савдо ҳамкорлари бўлган давлатларда ҳам иқтисодий суръатлар сустлашган. Жаҳон бозорида рақобат тобора кучайиб, айрим давлатлар ўртасида “иқтисодий урушлар” давом этмоқда. Бу омиллар Ўзбекистон иқтисодиётига таъсир этмай қолмайди, албатта. 

Президентимиз макроиқтисодиёт ва давлат бюджети параметрларини ушбу хавф-хатарларни ҳисобга олиб белгилаш лозимлигини таъкидлади.

Иқтисодиёт тармоқларини “оёққа турғазиш”, рақобатбардош қилиш учун кейинги икки йилда уларга барча имкониятлар берилди. Бироқ, бу имкониятлардан фойдаланиб, қайси тармоқ меҳнат унумдорлигини оширди, маҳсулотлар рақобатбардош бўлиши ва экспорт таркибида тайёр маҳсулотлар улуши кўпайишини таъминлай олди? Афсуски, бирорта тармоқни бугунги кунда “зўр ишлади ёки юқори натижа берди”, деб айта олмаймиз, – деди Шавкат Мирзиёев. 

Иқтисодиёт тармоқларидаги тизимли муаммолар, инфляция даражасининг 16 фоиздан пасаймагани аҳоли тўлов қобилиятига салбий таъсир этаётгани кўрсатиб ўтилди.

– Асосий вазифамиз – халқимизга муносиб иш ўринлари яратган ҳолда, даромадларни ошириш. Жойларда иқтисодий фаол аҳоли кўп. Одамларимиз даромад топиб, турмуш шароитини яхшилаш учун меҳнат қилишни хоҳламоқда. Бунинг учун аҳоли тўлов қобилиятини ошириш ва бозорда маҳсулотларга барқарор талаб шакллантириш орқали ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ва иқтисодий ўсишни таъминлашимиз керак, – дея таъкидлади давлатимиз раҳбари. 

Мисол учун, қандолат, тайёр сут ва гўшт маҳсулотлари, шарбат ва салқин ичимликлар ишлаб чиқариш бўйича 100 дан зиёд муҳим инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши натижасида истеъмол талаби қондирилиб, инфляция меъёрлашиши мумкинлиги қайд этилди.

Озиқ-овқат, гўшт, ун ва қандолат маҳсулотлари, кийим-кечак, чарм-пойабзал, электротехника, фармацевтика ишлаб чиқариш ҳажмини 2020 йилда сезиларли кўпайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.

Инфляция даражасига таъсир этаётган яна бир омил маҳсулотлар таннархи юқорилигидир. Шу боис мутасаддиларга давлат улуши бўлган барча корхоналарда маҳсулот таннархини таҳлил қилиб, қувватларни модернизация қилиш ва кенгайтириш, зарур ҳолларда хусусий секторга бериш бўйича вазифалар қўйилди. 

Келгуси йилда 153 та йирик инвестиция лойиҳасини шунчаки фойдаланишга топшириш эмас, балки рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариб, ялпи ички маҳсулот ҳажми ва иш ўринларини кўпайтириш муҳимлиги қайд этилди.  

Охирги йилларда ташкил этилган 23 та корхона паст қувватларда ишлаётгани, режалаштирилган айрим лойиҳалар ўз вақтида фаолият бошламагани танқид қилинди. 

Вазирлар Маҳкамасига иқтисодий ўсиш ва экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қиладиган, бюджетга тушумларни кўпайтирадиган инвестиция лойиҳаларини шакллантиришга масъул бўлган доимий Ишчи комиссия тузиш, инвестиция лойиҳалари ва ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ижросини муҳокама қилиб бориш бўйича топшириқ берилди.

Йиғилишда экспорт таркиби, ташқи бозордаги талаб ва юртимиз корхоналарининг ундаги ўрни чуқур таҳлил қилинди. 

Ўзбекистон экспортининг 50 фоизидан юқорисини ҳанузгача газ, олтин, кумуш, мис, рух, полиэтилен каби хомашёлар ташкил этаётгани, арзон хомашё мавжуд бўлган тармоқлар бўйича ишлаб чиқариш ва экспорт етарлича йўлга қўйилмаётгани кўрсатиб ўтилди. 

Масалан, мамлакатимизда чарм-пойабзал экспорти бўйича камида 1,5 миллиард долларлик салоҳият бўлса-да, ҳозирда бу борадаги кўрсаткич 200 миллион долларга ҳам етмайди. 

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, “Ўзчармсаноат” уюшмасига терини чуқур қайта ишлаб, аёллар пойабзаллари ва сумкалари, спорт анжомлари ва бошқа тайёр чарм-атторлик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш орқали экспорт ҳажмини 2 баробар ошириш вазифаси қўйилди.

Тўқимачилик маҳсулотлари экспорти сўнгги икки йилда 2 баробарга ошиб, 1 миллиард 600 миллион долларга етган бўлса ҳам, унинг деярли ярмини ип-калава ташкил этмоқда.

Шу боис Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига экспортда тайёр маҳсулотлар улушини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Яна бир таҳлил: дунёда мева-сабзавот маҳсулотларининг ташқи бозори 205 миллиард долларни ташкил этади. Юртимизнинг бу бозордаги улуши эса бир фоизга ҳам етмайди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компаниясига мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 55 та туманда экинларни тўғри жойлаштириш, “маҳсулот етиштириш – харид қилиш – сақлаш ёки қайта ишлаш – экспорт” занжирини яратувчи кооперациялар ташкил этиш орқали экспорт ҳажмини босқичма-босқич 5 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди. 

Машинасозлик ва электротехника товарларининг қўшилган қиймати юқори, дунёда уларга доимий талаб ҳам бор. Лекин тармоқ корхоналари бу имкониятдан тўла фойдаланмаяпти. Шундан келиб чиқиб, соҳа мутасаддиларига қўшни давлатлар билан савдони ривожлантириш, экспорт ҳажмини 2-3 баробар ошириш бўйича топшириқлар берилди. 

Охирги уч йилдаги фаол инвестиция оқими туфайли соҳа ва ҳудудларга кўп маблағ йўналтирилгани қайд этилар экан, жалб қилинаётган ҳар бир долларнинг натижадорлигига асосий эътибор қаратиш кераклиги кўрсатиб ўтилди.

– Барча раҳбарлар аниқ билиб олсин – қатъий ҳисоб-китоб, техник-иқтисодий асосларсиз бирор бир лойиҳани молиялаштиришга рухсат берилмайди, – деди Президент. 

Бош вазир раҳбарлигида ташқи қарз ҳисобига амалга ошириладиган лойиҳалар натижадорлигини назорат қилиш бўйича комиссия ташкил этиб, масъул идораларнинг ҳисоботини қабул қилиш зарурлиги таъкидланди.

Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилган солиқ ислоҳотлари тушумлар кўпайишида ижобий натижалар бермоқда. Буни халқаро молиявий институтлар ҳам тасдиқламоқда.

Масалан, қўшилган қиймат солиғи тўловчилари сони 12 баробар, фойда солиғи тўловчилари сони 6,5 баробарга ошган. Иш ҳақига нисбатан солиқ юки кескин пасайтирилгани натижасида даромад солиғи тўловчилари сони 700 мингга, ушбу солиқ тушуми эса 2 баробарга ортди.   

Мазкур ислоҳотларнинг давоми сифатида жорий йил 1 октябрдан қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 15 фоизга туширилиб, қатор имтиёзлар бекор қилинди. 2020  йил 1 январдан эса давлат улуши бор корхоналарга ҳам ягона ижтимоий тўлов 25 фоиздан 12 фоизгача пасайтирилади. Бу чоралар натижасида келгуси йилда солиқ тўловчилар ихтиёрида 12,8 триллион сўм миқдорида маблағлар қолади.

Президентимиз Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитасига 2020 йил учун прогноз қилинган бюджет тушумини таъминлаш юзасидан топшириқлар берди. Бунда электрон ҳисоб-фактура, замонавий маркировка, онлайн касса машинаси каби илғор технологияларни кенг жорий этиш орқали солиқ маъмуриятчилигини яхшилаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Божхона органларида самарали ишлайдиган янги вертикал тизимни шакллантириш, бунда импорт қилинаётган товарлар нархини ҳаққоний баҳолаш, риск-анализ ва бошқа замонавий усулларни кенг қўллаш, шунингдек, ички назоратни кучайтириш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Давлатимиз раҳбари солиқ юкини пасайтириш иқтисодиётга ва аҳоли фаровонлигига ижобий таъсир этишини инобатга олиб, бу масалага алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. 

Йиғилишда 2020 йил бюджетининг харажатлар қисми ҳам чуқур таҳлил қилинди. 

Жумладан, келгуси йили ижтимоий соҳалар учун давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳажми ортиши кўзда тутилган. Масалан, соғлиқни сақлаш тизимига йўналтириладиган харажатлар жорий йилдагига нисбатан 18 фоизга, таълим соҳасига – 10 фоизга ва илм-фан ривожига – 47 фоизга кўпаяди. Қолаверса, таълим, тиббиёт, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, инфратузилмаларни яхшилаш каби йўналишларда 100 га яқин мақсадли дастурлар режалаштирилган.

Аҳолини дори воситалари билан таъминлаш учун 1,3 баробар, болалар спорти дастури учун 3 баробар, геология-қидирув ишлари дастурига 4 баробар кўп маблағ ажратиш мўлжалланган.

Шунингдек, пахтачилик ва боғдорчиликда сув тежовчи технологияларни жорий этиш, қишлоқ хўжалиги техникасини харид қилиш харажатларига ҳам алоҳида ўрин берилган. 

Президентимиз харажатлар борасидаги энг устувор вазифа молия-бюджет интизоми, йўналтирилаётган ҳар бир сўм иқтисодиёт учун қандай натижа бераётгани асосий мезон бўлиши лозимлигини таъкидлади. Молия вазирлиги ва Ҳисоб палатасига бюджетдан молиялаштириладиган дастурларнинг мақсадли индикаторларини белгилаш ва ижросини баҳолаш тартибини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. 

Ҳокимликларнинг молиявий мустақиллигини таъминлаш мақсадида ҳудудий молия органларини тўлиқ маҳаллий давлат органлари тузилмасига ўтказиш зарурлиги таъкидланди. 

Автомобиль йўллари, ирригация, мелиорация каби соҳаларга инвестиция харажатлари бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқиш бўйича ҳам вазифалар белгиланди.

Муҳокама қилинган барча жиҳатларни ҳисобга олиб, “2020 йил учун Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасини Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига тақдим этиш кераклиги қайд этилди.

Манбаа: Prezident.uz

ССП Ахборот-хизмати