30.10.2019 236

Савдо-саноат палатаси яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини экспертизадан ўтказди


“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда,  Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 770 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.

Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори лойиҳаси  жамоатчилик экспертизасидан  ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:

1.Лойиҳа иловасининг 11-бандига кўра:

“Қуйидагилар лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

в) лицензиат томонидан лицензияланадиган фаолият тури соҳасида олиб бораётган иши юзасидан лицензияловчи органга ахборот бериш;

Бироқ, лицензиатга фаолият тури соҳасида олиб бораётган иши юзасидан лицензияловчи органга ахборот бериш мажбуриятини юклаш ортиқча бюрократияга олиб келиши аниқ.

Шу сабабли, лойиҳа иловасининг 11-банди “в” кичик бандини чиқариб ташлаш мақсадга мувофиқ.

2.Лойиҳа иловасининг 11-банди “з” кичик бандига кўра, юридик шахс ушбу фаолият тури билан I тоифадаги лицензия учун камида уч йил, II тоифадаги лицензия учун камида беш йил иш олиб борган бўлиши лицензия талаблари ва шартларидан бири ҳисобланади.

Бироқ, мазкур норма янги тадбиркорлик субъектларининг ушбу фаолият билан шуғуллана олмаслигига олиб келади. Чунки тадбиркор лицензия олмасдан фаолият кўрсата олмайди. Тадбиркорлик субъектининг лицензия олиш учун эса мазкур фаолият билан 3 йил давомида шуғулланган бўлиши имконсиз.

Бундан ташқари, II тоифадаги лицензия учун камида беш йил иш олиб борган бўлиши талаби ҳам ортиқча ҳамда асослантирилмаган. Хусусан, янги ташкил этилган тадбиркорлик субъектларида малакали мутахассислар мавжуд бўлиши мумкин.

Шунингдек, таъкидлаш лозимки, I тоифадаги лицензия учун ‒ тегишли мутахассислик бўйича олий маълумот ёки лицезияловчи орган томонидан устанинг малакасини тасдиқловчи маълумотга эга бўлган ва соҳада икки йил иш стажига эга бўлган 2 нафар мутахассис; II тоифадаги лицензия учун ‒ тегишли мутахассислик бўйича олий маълумот ёки лицезияловчи орган томонидан устанинг малакасини тасдиқловчи маълумотга эга бўлган ва соҳада уч йил иш стажига эга бўлган 4 нафар мутахассиснинг мавжуд бўлиши талаби тадбиркорлик субъектига моддий маданий мерос объектларининг муҳофаза қилиш билан шуғулланишга лицензия бериш учун етарли.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, лойиҳа иловасининг 11-банди “з” кичик бандини чиқариб ташлаш мақсадга мувофиқ.

3.Лойиҳа иловасининг 18-бандига кўра, Сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилиши, шунингдек, лицензия олиш учун йиғимни тўламаслик давлат хизмати кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.” – белгиланган.

Бунда, нотўғри маълумотларнинг кўрсатилиши давлат хизматларини кўрсатишни рад этиш учун асос бўлиши назарда тутилган.

Аммо, нотўғри маълумотлар” тушунчаси кенг қамровли маънога эга бўлиб, амалиётда турлича талқин қилинишига ҳамда ноаниқликларга олиб келади.

Бу эса, амалиётда ҳар қандай маълумотларнинг “нотўғри маълумот” деб топилишига ва натижада давлат хизматлари кўрсатишни асоссиз равишда рад этишга олиб келиши мумкин.

Шу боис, лойиҳа иловасининг 18-бандидан нотўғри маълумотлар кўрсатилишисўзларини чиқариб ташлаш тавсия этилади.

4.Лойиҳа иловасининг 23-бандига кўра:

“Лицензия берилганлиги учун ундириладиган давлат божи миқдорлари қуйидагича белгиланади:

I тоифадаги лицензия учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида;

II тоифадаги лицензия учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида”.

Лойиҳада лицензия берганлик учун юқори давлат божи миқдорлари белгиланмоқда.

Хусусан, лойиҳа муаллифи томонидан бундай юқори давлат божи миқдорлари асослантирилмаган, таҳлилий маълумотлар келтирилмаган.

Шунингдек, бундай юқори миқдордаги давлат божлари белгиланиши лицензия олиш учун талабгор бўлган тадбиркорлик субъектлари учун молиявий жиҳатдан қийинчиликлар келтириб чиқариши мумкин.

Шу боис, юқорида кўрсатиб ўтилган давлат божи миқдорларини тушириш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.

ССП Ахборот хизмати