15.10.2019 354

Савдо-Саноат палатаси томонидан вилоятларда "Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари" мавзусида кенгайтирилган йиғилишлар ўтказилди.


Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида 2019 йил 11 сентябрь куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилишда жойларда тадбиркорликни янада ривожлантириш учун сафарбар этилмаётган имкониятларни ишга солиш чораларини кўриш учун Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш Агентлиги, Савдо-саноат палатаси, Марказий банк ва тижорат банклари раҳбарлари, тегишли вазирликлар, жойлардаги Бош вазир қабулхоналари раҳбарлари ва ходимлари, шунингдек вилоят ҳокимларининг биринчи ўринбосарларидан иборат таркибда 6 та ҳудудий Ишчи гуруҳлар тузилди.

Ишчи гуруҳларга жойлардаги ҳокимлари билан бирга ҳудудларга борган ҳолда, ҳар бир тадбиркор билан ишлаш, муаммосини тезкорлик билан ҳал этишни назарда тутувчи “Ховос тажрибаси”ни барча туман (шаҳар)ларда жорий этиш, ҳудудда тадбиркорлар билан бевосита ишловчи ташкилотлар, хусусан ҳокимликлар ва банкларнинг масъул ходимларига тадбиркорлик соҳасидаги қонунчилик мазмунини тушунтириш, уларнинг қонунчиликка риоя этилиши аҳволини ўрганиш ва баҳолаш тизимини жорий этиш, туман (шаҳар)нинг ўзига хос ҳусусиятлари ва имкониятларини ўрганиб, уларни ихтисослаштирув йўналишларини белгилаб олиш, фаолият кўрсатмаётган тадбиркорларга алоҳида эътибор қаратган ҳолда, муаммоларини аниқлаш ва уларни ҳал этишга амалий кўмаклашиш, фаолиятини тиклаш, оҳирги икки йил давомида банклар томонидан молиялаштирилган, аммо фаолиятини бошламаган лойиҳа бўйича мавжуд муаммоларни ҳал этиб, қурилиш-монтаж ва инфратузилмага уланиш ишларини якунига етказган ҳолда, объектларни жорий йил оҳирига қадар ишга туширилишини таъминлаш каби қатор вазифалар белгилаб берилди.

Жорий йилнинг 11 октябр куни Савдо-саноат палатаси раиси –Икрамов Адхам Илхамович бошчилигидаги Ишчи гуруҳ Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларида бўлди.

9 та устувор йўналиш билан ишлашни ташкил этишда маҳаллий ҳокимлик ва иқтисодий комплекс идоралари ходимларига қулайлик яратиш мақсадида Савдо-саноат палатаси томонидан ишлаб чиқилган услубий қўлланмалар тарқатилди.

Шунингдек, А.Икрамов Президентимиз сўнги йиғилишларида алоҳида таъкидлаб ўтганларидек тадбиркорлик масаласида ишлашда туман ҳокими ва унинг тадбиркорлик масаласидаги биринчи ўринбосари, ҳар бир иқтисодий комплекснинг хафталик иш режаси бўйича ишлаб чиқилган тавсия билан таништирди.

Йиғилиш давомида туман (шаҳар) ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари, йўналишларга масъул идора ва ташкилотлар масъуллари ва тадбиркорларнинг фикр-мулоҳазалари эшитилди.

Йиғилиш сўнгида жойларда тадбиркорликни янада ривожлантириш учун сафарбар этилмаётган имкониятларни ишга солиш чораларини кўриш бўйича Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросига маҳаллий ҳокимлар ва уларнинг биринчи ўринбосарлари билан бирга, ҳар бир иқтисодий комплекс раҳбарлари жавобгар эканлиги, ҳар ойнинг якуни билан уларнинг ҳисоботларини эшитиб бориш тизими жорий этилиши, шунингдек ишлаб чиқилган баҳолаш меъзонларига асосан йил сўнгида улар фаолиятига баҳо берилиши бўйича яна бир бор эслатиб ўтилди.Йиғилиш видеоселектор тарзида ўтказилиб, унда вилоят ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари, барча иқтисодий комплекс ҳудудий идоралари раҳбарлари, туман (шаҳар) ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари, тадбиркорлик субъектлари иштирок қилди.

Селектор йиғилишида Ишчи гуруҳ раҳбари А.Икрамов сўзга чиқиб, қарийб ҳар ой шахсан давлат раҳбаримиз бошчилигида тадбиркорлик масаласига бағишланган йиғилишларни ўтказаётганликлари, Сирдарё ва Қорақалпоғистонга қилинган оҳирги ташрифлари, шунингдек жорий йилнинг июль, август ойларида ўтказган йиғилишлари тадбиркорликни ривожлантиришни назарда тутувчи белгилаб берилган 9 та асосий йўналишларни мазмуни, ҳар бир йўналиш бўйича ишни ташкил этиш тартиби бўйича тушунтириш бериб, ҳар бир йўналиш бўйича масъул идораларни белгилаб берди.

Тадбиркорлар томонидан бу каби учрашувлар вилоятнинг чекка туманларида ҳам кўпроқ ташкил этилиши ҳақида фикр билдирдилар.

ССП ахборот-хизмати