09.10.2019 371

Озарбайжон Республикасига юқори даражадаги ташрифни тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди


Жорий йилнинг 8 октябрь куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков раҳбарлигида видеоконференция шаклида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вазирликлар, ташкилотлар, тижорат банклари раҳбарлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида инвестициялар соҳасига масъул бўлган раҳбарлар ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Озарбайжондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ш.Файзиев иштирок этди.

Мажлисда жорий йилнинг 14-15 октябрь кунлари Озарбайжон Республикасида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг VII саммитида иштирок этиш бўйича олий даражадаги ташрифга тайёргарлик масаласи муҳокама этилди.

Қамрови ва аҳамияти билан Кенгашга аъзо давлатлар ўртасида кенг кўламли алоқаларни мустаҳкамловчи мазкур тадбир ўз навбатида иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш ва янги қўшма ташаббусларни ишга тушириш учун ажойиб платформа ҳамдир.

Бу борада йиғилиш иштирокчилари томонидан Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорлигини кенгайтириш имкониятлари ўрганиб чиқилди. Батафсил таҳлил жараёнида озарбайжонлик шериклар билан янги истиқболли йўналишларни қамраб олган ҳолда ўзаро ҳамкорлик майдонини кенгайтириш учун улкан салоҳият мавжудлиги аниқланди ва амалга ошириладиган қатор лойиҳалар ишлаб чиқилди. Икки давлат иқтисодиётининг бир-бирини тўлдириши ва Озарбайжонлик салоҳиятли шерикларнинг катта қизиқиши инвестиция ва савдо- иқтисодий соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар яратиши таъкидланди.

Жараённи фаоллаштириш учун вазирликлар, идоралар ва тижорат банклари раҳбарларининг инвесторлар ва шартнома шериклари билан ўзаро алоқаларини мустаҳкамлаш ва ҳамкорликнинг янги имкониятларини муҳокама қилиш мақсадида Озарбайжонга ташрифини ташкил этиш бўйича таклиф илгари сурилди ва қўллаб-қувватланди.  

 

Манба: mift.uz