02.10.2019 424

Ҳокимларнинг тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари иштирокида 3 кунлик ўқув амалий семинар ташкил этилди.


 

Маълумки, Давлатимиз раҳбари бошчилигида жорий йил 11 сентябрь куни “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, уларнинг самарадорлигини ошириш ҳамда 9 ойлик ва умуман 2019 йил якуни бўйича давлат бюджетига тушумлар прогнози ижросини сўзсиз таъминлаш чора-тадбирлари  тўғрисида”ги видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда мамлакатимизда сўнгги йилларда тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва бизнесни юритиш учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш соҳасида ишлар амалга оширилаётган ишлар ва эришилган натижаларга тўхталди.

Таъкидланиганидек, мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳа субъектларини ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш юзасидан мутлақо янги тизим яратилмоқда.

Ушбу янги тизим, яқинда ташкил этилган Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг мувофиқлаштирувчи роли остида Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари, Бизнес-омбудсман, Савдо-саноат палатаси, Адлия вазирлиги, жойлардаги ҳокимларнинг биринчи ўринбосарлари бошчилигидаги иқтисодиёт комплекси ташкилотларининг мазкур йўналишда ҳамжиҳатликда изчил ишлашини назарда тутади.

Хорижий мамлакатлар тажрибасидан олиб қарайдиган бўлсак,  бизнес субъектлари 3 тоифага (кичик, ўрта ва йирик) бўлинган ва давлат томонидан ҳар бир тоифага нисбатан алоҳида қўллаб-қувватлаш сиёсати олиб борилади.

Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда ҳам «ўрта бизнес»ни шакллантириш юзасидан кўрсатма берди.

Шу билан бирга, йўл қўйилаётган камчиликлар, хусусан мутасадди вазирлик ва идоарлар фақатгина ўзининг вертикал гуруҳи билан ишлаётганлиги, горизантал гуруҳлар самарали ишламаётганлиги оқибатида чекка туман (шаҳар)ларда вазият анча оғир эканлиги қайд этилди. Шу сабабли, йиғилишда вертикал гуруҳларни ишлатиш ва идоралараро ҳамкорликни кучайтиришга ҳам эътибор қаратилди.

Давлат раҳбарининг жорий йил 23 июль ва 2 август кунлари тадбиркорлик масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича 9 та асосий йўналишлар белгилаб берилган эди.

Мазкур йўналишларда Ишчи гуруҳлар тузилиб, дастлаб Тошкент шаҳрида туманма-туман ўрганишлар ўтказилмоқда.

Шунингдек, йиғилишда берилган топшириқдан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамаси биносида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари иштирокида 3 кунлик ўқув амалий семинар ташкил этилди.

Семинарлар қуйидаги мавзуларда ўтказилди:

  1. Ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантиришда давлат раҳбари томоиндан белгилаб берилган 9 та йўналиш бўйича иқтисодий комплекс идора ва ташкилотларининг иш фаолиятини ташкил этиш;
  2. Янги кичик бизнес субъектларини ташкил этиш ва уларни тадбиркорлик асосларига ўқитиш;
  3. Солиқ концепцияси бўйича;
  4. Маҳаллийлаштириш ва экспортни ривожлантириш (локализация);
  5. Йирик корхоналар негизида кичик корхоналар фаолиятини ташкил этиш ҳамда уларни кооперациясини ривожлантириш;
  6. Ҳудудларни ихтисослашувини инобатга олган ҳолда мавжуд саноат корхоналарини кенгайтириш;
  7. Лойиҳаларни амалга ошириш ва меҳнат балансини таъминлаш ;
  8. Экспорт ва импортга нисбатан божхона таърифларини қўллаш тартиби;  
  9. Давлат харидларида кичик бизнесни аҳамиятини ошириш;
  10.  Ҳудудий дастурлар доирасида ажратилган кредитларни қайтарилишини таъминлаш ҳамда янги лойиҳаларни молиялаштиришни ташкил этиш;
  11. Хорижий кредит линиялари орқали лойиҳаларни молиялаштириш.

Семинарда бевосита тадбиркорликка алоқадор йўналишлар бўйича вазирлик, идора ва ташкилотлар, шунингдек, тижорат банклари томонидан қисқа муддатли курслар ташкил этилди.

Ҳокимларнинг биринчи ўринбосарларининг мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилиши лозим бўлган истиқболли вазифалар ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлари тингланди.