16.09.2019 373

Фарғона ҳунармандчилиги – Саудиянинг “Ал-Ямама” журнали саҳифаларида


“Ал-Ямама” журнали – араб ўқувчиси учун матбуот, ахборот ва маданият кўзгусидир. Бу журнал орқали араб ўқувчиси Саудия халқининг бугунги муаммолари, уни қизиқтирган масалалар, дунё мамлакатлари, уларнинг халқлари ҳаёти билан танишиб боради.

“Ал-Ямама” журналининг 2019 йил 13 июн № 2562-сони муқовасидан “Ўзбекистон – ипак, кулолчилик ва уламолар юрти” сарлавҳаси ўрин олган ва у журналнинг бош мавзуси сифатида урғуланган. Журнал саҳифаларида эса мамлакатимиз ҳунармандчилигига бағишлаган туркум мақолалар чоп этилди. 

Журнал Муҳаммаджон Обидовнинг Фарғона вилоятига бағишланган “Фарғона – Марказий Осиё гавҳари” мақоласи билан очилади. Шунингдек, унда Собиржон Дадахўжаевнинг “Бурҳониддин Марғиноний – тириклайин дафн этилган олим”, Азимжон Худойқуловнинг “Марғилон – ипакчилик пойтахти” ва Манзура Эркабоеванинг “Риштон – кулолчилик сан’ати” сарлавҳали мақолалари Ар-Риёддаги ахборот ва араб-рус тадқиқотлари марказининг академик директори, Подшо Сауд университети ассотсиат-профессори ҳамюртимиз Муртазо Сайдумаров таржимасида нашр этилган.

Та’кидлаш ўринлики, Президентимиз ташаббуси билан Қўқон шаҳрида илк бор ўтказилаётган халқаро ҳунармандчилик фестивали жаҳон ҳунармандларининг чинакам дўстлик ва ҳамжиҳатлик байрамига айланди. 

Фестивалда иштирок этаётган 20 дан ортиқ хорижлик оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам жараённи кенг ёритиб бордилар.