13.09.2019 399

Туркиялик ишбилармонлар Хоразмда


Туркия Республикасининг Адана вилояти савдо палатаси бошқарув кенгаши вице-президенти Южел Байрам бошчилигидаги делегация Хоразм вилоятига ташриф буюрди.
 
Шу йил 28 апрель – 3 май кунлари Хоразм вилояти ҳокими бошчилигидаги делегация Туркия давлатида бўлган ташриф давомида Адана шаҳар мэри Зейдан Каралар ва Адана провинцияси губернатори Маҳмут Демирташ билан учрашувлар ўтказилган эди. Учрашувларда икки вилоят ўртасида турли йўналишларда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш масаласи муҳокама қилиниб, Адана вилоятининг саноат палатаси, тижорат биржаси ва саноат зонаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон – Туркия бизнес-форуми ўтказилган эди. Мазкур бизнес-форум якунида Туркиянинг “Делфинголд санайи ве Тижарет А.С.” компанияси томонидан 5 миллион доллар инвестиция киритилиши ҳисобига заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш, туркиялик тадбиркор Дингер Ахмет томонидан 2 миллион доллар инвестиция киритиш ҳисобига Урганч шаҳридаги кичик туристик зонасида меҳмонхона қуриш ҳамда “ЖейКиБи” компанияси томонидан 10 миллион доллар инвестиция киритилиши ҳисобига Ҳазорасп туманида дастлаб 1 минг 500 гектар майдонда зайтун боғи барпо этиш лойиҳалари бўйича келишувлар имзоланганди.
Ушбу келишув доирасида Туркиянинг Адана вилоятида турли соҳаларда фаолият юритувчи компанияларнинг 27 нафар вакилидан иборат делегация мамлакатимизда бўлиб турибди.
 
Ташрифнинг биринчи куни вилоят ҳокимлигининг “Кенгашлар уйи”да ўтказилган давра суҳбатида вилоят бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, маҳаллий тадбиркорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Тадбирда Хоразм вилояти, унинг иқтисодиёти, вилоятда яратилган инвестицион муҳит ҳамда ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишларига оид маърузалар тингланди.
Шундан сўнг маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари кўргазмаси намойиш этилди. Туркиялик ишбилармонлар ва маҳаллий тадбиркорлар ўртасида “B2B” форматида музокаралар ўтказилди.
 
Ташриф доирасида делегация аъзолари Боғот туманидаги “Хоразм текс” корхонасида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёни билан танишди. Шунингдек, меҳмонлар Ҳазорасп туманидаги “Ҳазорасп текстиль” корхонасига, “Ўзавтомоторс” компанияси (“GM Uzbekistan”)нинг Хоразм филиалига ва ушбу заводга автомобиль эҳтиёт қисмлари ва деталлар етказиб берувчи қўшма корхоналарга, “Девелоп текстиль” хорижий корхонасига ташриф буюрди.
 
Тадбир сўнгида Адана вилоятининг саноат палатаси ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Хоразм вилояти бошқармаси ўртасида келишув меморандуми имзоланди.