13.09.2019 376

Ҳунармандлар кўрик-танловида ким ғолиб бўлади?


Қўқон. Халқаро ҳунармандчилик фестивали доирасида ҳунармандларнинг кўрик-танлови ўтказилмоқда. 
 
Танлов иштирокчиларининг маҳоратларини баҳолаш учун халқаро ҳайъат тузилган бўлиб, унинг таркибига юқори малакали мутахассислар, таниқли санъат ва маданият арбоблари, олимлар, тадқиқотчилар, амалиётчилар, шунингдек, иштирокчи давлатлардан тегишли соҳалар намояндалари киритилган. Айни пайтда улар тақдим этилган материалларни белгиланган мезонлар асосида кўриб чиқмоқда.
 
-Кўрик-танловда 76 давлатдан 204 нафар, мамлакатимиздан эса 1 минг 116 нафар ҳунармандлар ўзларининг 20 дан ортиқ йўналишдаги ишларини тақдим қилган, – дейди ҳайъат аъзоси, Республика “Ҳунарманд” уюшмаси раиси ўринбосари Акобир Ҳакимов. – Халқаро ҳайъат томонидан кўрик-танлов иштирокчиларининг маҳсулотлари кўргазмаси ва маҳорат дарслари 5 та номинация – “Энг яхши ҳунарманд”, “Энг ёш ҳунарманд”, “Энг яхши ҳунармандчилик мактаби устаси”, “Қадимий сулола давомчиси” ва “Қадимий ҳунармандчилик турини тиклаган ҳунарманд” бўйича баҳоланади. 
 
Кўрик-танлов ғолиблари ташкилий қўмита томонидан диплом, ҳайкалча ва пул мукофотлари билан тақдирланади.