10.09.2019 522

Қўқон халқаро ҳунармандчилик фестивалига тайёр


Қўқон шаҳрида халқаро ҳунармандчилик фестивалини юқори савияда ўтказиш мақсадида тайёргарлик ишлари тўлиқ якунланди.

Қадимий масканда бугун байрам шукуҳи ҳукмрон. Кўчалар, хиёбонлар байрамона безатилган. Халқаро миқёсдаги мазкур тадбирнинг Қўқон шаҳрида ўтказилаётгани бежиз эмас. Чунки ушбу шаҳар қадим-қадимдан ҳунармандчилик ривожланган маданий марказлардан бири бўлиб келган. Бу ерда ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатининг турли йўналишлари юксак даражада тараққий этган. Устоз-шогирд анъаналари, ҳунармандларнинг оилавий сулолалари унинг сир-асрорларини аждодлардан авлодларга етказиб келмоқда. Бугунги кунда ҳам Қўқон шаҳрида ҳунармандчилик анъаналари изчил ривожланмоқда. Хусусан, ёғоч ўймакорлиги, қоғозгарлик, чилангарлик, заргарлик каби кўплаб турлари равнақ топмоқда.

Эътиборли жиҳати, Жаҳон ҳунармандчилик кенгашининг 2019 йил 23 июлдаги қарорига кўра, Қўқон шаҳрига ёғоч ўймакорлиги бўйича Ҳунармандчилик шаҳри мақоми берилди. Шу кунгача жаҳоннинг турли мамлакатларидаги 35 та шаҳар мазкур мақомга сазовор бўлган. Қўқон шаҳри МДҲ давлатлари ичида биринчи бўлиб ушбу рўйхатга киритилди.

Фестивалда республикамизнинг 153 туманидан ҳунармандчиликнинг 34 йўналиши бўйича 1 минг 116 ҳунарманд ва 87 ташкилотчи иштирок этади. Фестивалда 78 давлатдан ҳунармандчиликнинг 29 йўналиши бўйича 191 хорижлик ҳунарманд қатнашади. Шунингдек, фахрий меҳмон сифатида 38 юқори мартабали хорижлик давлат арбоблари ва олимлар иштирок этиши кутилмоқда. Фестиваль доирасида “Ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатини ривожлантириш истиқболлари“ мавзусида илмий-амалий конференция ҳам ўтказилади. Унда 24 давлатдан 28 хорижлик ва ўзбекистонлик 6 олим иштирок этади.

Фестиваль тадбирларини маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг 400 дан ортиқ вакили ва 22 хорижий журналист ёритиб боради.

Бугунги кунда хорижий меҳмонлар ва фестиваль иштирокчилари ташриф буюриши кўзда тутилган 12 тарихий обидани таъмирлаш ишлари якунланди. Шунингдек, 20 дан ортиқ Қўқон миллий ҳунармандчилиги намояндаларининг уй-устахонаси, 4 маданий дам олиш маскани фестиваль иштирокчилари ва меҳмонлар ташрифи учун тайёрланган. Қўқон шаҳридаги хиёбонлар, йўллар ҳамда кўп қаватли уйлар олдидаги майдонлар ободонлаштирилган. Фестивалнинг асосий тадбирлари “Худоёрхон ўрдаси” майдонида ўтказилади. Майдонда саҳна ва амфитеатр барпо этилди.

Марказий майдоннинг ён атрофида ҳунармандчилик санъатига доир турли кўргазмалар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, қадимий ҳунармандчилик дастгоҳлари ва маҳсулотларини яратиш жараёнлари, ҳунармандчиликка оид бадиий ва ҳужжатли фильмлар, китоблар, альбомлар, фотосуратлар намойиши ва сотуви ташкил этилади.

Шунингдек, фестиваль доирасида миллий либослар кўргазмали чиқишлари, аскиячи ва қизиқчилар, фольклор ва дорбозлик жамоаларининг томоша дастурлари намойиш этилади.

Фестиваль тадбирларини ҳар томонлама пухта ва бадиий жиҳатдан бетакрор усулда тайёрлаш учун юксак профессионал маҳорат ва тажрибага эга сценарист ва режиссёрлар, ёзувчи ва шоирлар, уста ҳунармандлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш санъаткорлар жалб этилган.

 

Халқаро фестивал Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан ҳар икки йилда бир марта Қўқон шаҳрида ўтказилади.