07.09.2019 985

Ўзбекистонда виртуал кассалар жорий этилади


Президент онлайн режимида узатиб бориш функсиясига эга бўлган виртуал кассаларни онлайн назорат касса машиналари қаторида жорий этилишини маъқуллади.

Президентнинг “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони эълон қилинди.

Фармонга кўра, онлайн режимида узатиб бориш функсиясига эга бўлган маълумотлар алмашинуви платформаси — виртуал кассалар онлайн назорат касса машиналари қаторида жорий этилади.

Виртуал кассалар аҳоли билан нақд пулда ва (ёки) банк пластик карталари орқали амалга оширилган ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотларни давлат солиқ хизмати органларига онлайн режимда узатиб беради.

Тадбиркорлар онлайн-НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтганда:

  • уларга нисбатан амалдаги фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарини ишлатиш, кассир-операциячи томонидан назорат-касса дафтарини юритиш ҳамда иш куни охирида ҳар бир назорат-касса машинаси бўйича кунлик ҳисоботни чиқариб олиш мажбуриятлари бекор қилинади;
  • кунлик ўртача нақд пул тушуми миқдоридан қатъи назар нақд пулни банк кассаларига инкассация хизматлари орқали ўзлари белгилаган даврларда ёки мустақил равишда топшириш ҳуқуқига эга;
  • уларга ҳисобланган ва тўланиши лозим бўлган фойда солиғи ёки ягона солиқ тўлови ёхуд қатъий белгиланган солиқ суммасини онлайн-НКМни 2021-йил 1-январга қадар давлат солиқ хизмати органларида рўйхатга қўйиш шарти билан, унинг ҳар бирини харид қилиш, оʻрнатиш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатлар суммасига, лекин базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан ошмаган миқдорда камайтириш ҳуқуқи берилади;
  • виртуал касса дастурий маҳсулотининг асос қисми (базаси) уларга Давлат солиқ қўмитаси томонидан бепул берилади.
     

«Spot»