15.08.2019 398

Ўз ССП яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини экспертизадан ўтказди


Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифода этувчи, шу жумладан, улар фаолиятига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таъсирини баҳоловчи ваколатли орган сифатида Савдо-саноат палатаси томонидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 571 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Экспертлар кенгашлари томонидан кўриб чиқилиб, улардан 304 тасига салбий характердаги Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.

Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Вазирлар Маҳкамасининг “Моддий маданий мерос объектларидан фойдаланиш тартибини тасдиқлаш тўғрисида”ги  Қарори лойиҳаси  жамоатчилик экспертизасидан  ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:

1. Лойиҳа 1-иловасининг 6-бандида моддий маданий мерос объектларининг қисқа муддатли ижара шартномаси бир йил муддатга, узоқ муддатли ижара шартномаси эса бир йилдан ўн беш йилгача бўлган муддатга тузилиши белгиланган.

Бундан келиб чиқадики, узоқ муддатли ижара шартномаси ҳам қисқа муддатли ижара шартномаси каби бир йиллик муддатга имзоланиши мумкин ва шу билан улар орасидаги тафовут йўқолади.

Аммо, ўз моҳиятига кўра, узоқ муддатли ижара шартномаси ҳақиқатда узоқ вақтга тузилиши лозим, яъни унинг энг пастги муддати ҳам узоқ муддати бўлиши тўғри бўлар эди.

Шу боис, узоқ муддатли ижара шартномасини камида беш йилдан ўн беш йилгача бўлган муддатгача, қисқа муддатли ижара шартномасини эса беш йилга тузилишини белгилаш мақсадга мувофиқ.

2. Лойиҳа 1-иловасининг 19-бандига кўра, “Ижарага бериладиган объектлар бўйича эълон мажбурий тартибда даврий нашрларда, шунингдек, ишчи орган, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади”, - деб белгиланган.

Аммо, бунда эълон танлов ўтказилишидан қанча вақт олдин берилиши ҳамда таклифлар қанча муддат давомида қабул қилиниши мумкинлиги аниқ назарда тутилмаган.

Бу эса, ижарага бериладиган объектлар бўйича ўз вақтида эълон қилинмаслигига ва натижада тадбиркорлик субъектларининг бундан хабардор бўлмай қолишига олиб келади.

Шу сабабдан, лойиҳа иловаларида ижарага ва текин фойдаланишга бериладиган объектлар бўйича танлов ўтказиш ҳақидаги эълон танлов иштирокчиларининг таклифларини қабул қилиш муддати тугашидан камида неча кун (тавсия этилади: 30 кун) олдин берилишини аниқ белгилаш мақсадга мувофиқ.

3. Лойиҳа иловаларида ижарага ва текин фойдаланишга бериладиган объектлар бўйича танлов ўтказиш белгиланган.

Бироқ, иловаларда танлов иштирокчиларининг таклифларини кўриб чиқиш ва баҳолаш муддати, шунингдек танлов иштирокчилари айнан қандай мезонлар асосида баҳоланиши аниқ белгиланмаган.

Бу эса, мазкур муддатнинг чўзилиб кетишига, танлов иштирокчиларини баҳолашда эса мезонларнинг турлича белгиланиши ва бу орқали коррупция ҳолатлари келиб чиқишига олиб келиши мумкин.

Шу боис, лойиҳа иловаларида таклифларни кўриб чиқиш ва баҳолаш муддатини ҳамда таклифлар айнан қандай мезонлар бўйича баҳоланишини аниқ белгилаш тавсия этилади.

4. Лойиҳа 1-иловасининг 40-банди биринчи хатбошига кўра, “Ижарага бериладиган объектлар ҳисобини юритиш мақсадида ижарага олувчи ижара шартномаси тузилганидан кейин реестрга ёзувни киритади, ижара шартномаси асл нусхасининг ҳар бирига ҳисобга олиш ёзувининг санаси ва рақамини кўрсатган ҳолда ҳисобга олиш тўғрисида белги қўяди, уни муҳр билан тасдиқлайди”, - деб белгиланган.

Аммо, ушбу масалалар ижарага олувчининг эмас, балки ижарага берувчининг ваколат доирасидаги вазифалар ҳисобланади.

Шу сабабли, ушбу хатбошидаги “ижарага олувчи” сўзларини “ижарага берувчи” сўзларига ўзгартириш тавсия этилади.

5. Лойиҳа 2-иловаси номланишига кўра, моддий маданий мерос объектларини текинга фойдаланишга бериш тартибини белгилайди

Аммо, унда моддий маданий мерос объектларини ижарага бериш билан боғлиқ қоидалар ва тушунчалар киритилган. Хусусан, ижарага олувчи, ижарага берувчи, ижара объекти ва бошқалар.

Фуқаролик кодекси 617-моддасида текин фойдаланиш шартномаси тушунчаси берилган бўлиб, унга кўра, “Текин фойдаланиш (ссуда) шартномаси бўйича бир тараф (ссуда берувчи) иккинчи тарафга (ссуда олувчига) ашёни вақтинча текин фойдаланиш учун бериш мажбуриятини олади ёки беради, иккинчи тараф эса бу ашёни қандай олган бўлса, нормал ейилишни ҳисобга олиб худди шундай ҳолатда ёки шартномада назарда тутилган ҳолатда қайтариб бериш мажбуриятини олади”, - деб белгиланган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, лойиҳа 2-иловасини текин фойдаланишга беришни тартибга солувчи қонунчилик нормаларига мослаштириш тавсия этилади.

6. Лойиҳа 2-иловасининг 25-бандига кўра, “Моддий маданий мерос объекти ва унга туташ ҳудуд инвестиция мажбуриятлари олинган ҳолда ижарага бериш бўйича танловга қўйилгандан кейин бир ой мобайнида қизиқиш бўлмаган ва танлов бўлиб ўтмаганлиги эътироф этилган тақдирда ижарага берувчи уни ишчи орган томонидан белгиланган шартларда ва ушбу Низомда назарда тутилган тартибда тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориш (оммавий оферта) йўли билан текин фойдаланишга берилиши тўғрисида матбуотда эълон беради”, - деб белгиланган.

Аммо, бунда амалдаги қонунчилик ва мазкур норма ўртасида ўзаро қарама-қаршилик келиб чиққан. Яъни, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6-мартдаги 53-сонли Қарори билан тасдиқланган “Моддий маданий мерос объектларини ва уларга туташ ҳудудларни уларни ободонлаштириш ва зарур ҳолатда сақлаш бўйича инвестиция мажбуриятлари олган ҳолда ижарага бериш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 25-бандида юқоридаги ҳолатда моддий маданий мерос объектлари ижарага берилиши мумкинлиги белгиланган.

Мазкур нормалар амалиётда тушунмовчилик ва турлича талқин қилинишларга олиб келмаслиги мақсадида, юқоридаги нормага аниқлик киритиш тавсия этилади.

7. Лойиҳа 2-иловасининг 35-банди саккизинчи хатбошига кўра, текин фойдаланишга олувчининг мажбуриятларидан бири сифатида “объектда реставрация-тиклаш ишларини ва бошқа ишларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ўрнатилган тартибда ишлаб чиқилиши ва давлат экспертизасидан ўтказилишини ташкил этиш” белгиланган.

Бироқ, бундай мажбуриятлар Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги қарорига асосан, моддий маданий мерос объекти ва унга туташ ҳудуд инвестиция мажбуриятлари олинган ҳолда ижарага берилганда юклатилади.

Шу боис, лойиҳа 2-иловасининг 35-бандидан 8-10 хатбошиларни, 36-бандидан 4-хатбошини ҳамда 32-банди 3-хатбошидан “инвестиция таклифларини баҳолаш тартиби” сўзларини чиқариб ташлаш тавсия этилади.

 

Ўз ССП Ахборот хизмати