07.08.2019 628

“Фарғона – халқаро инвестиция форуми”


Фарғона – Марказий Осиёнинг гавҳари, йирик индустриал ва маданий марказлардан бири саналади. Вилоят аҳолиси 3,8 миллион нафарни ташкил этиб, унинг умумий майдони 6,8 минг кв.метрдир. Маъмурий таркибида 4 та шаҳар ва 15 та туман мавжуд. Фарғона вилояти ер ости ва ер усти табиий бойликлари, мўътадил иқлими билан ажралиб туради.

Ҳудудда кон-металлургия, кимё, энергетика, нефт-газ, машнасозлик ва қурилиш материаллари тармоқларининг энг йирик саноат корхоналари фаолият олиб бормоқда. Нефть, уран, гранит, мармар, гипс каби ўндан ортиқ ноёб табиий қазилмалари билан машҳур. 1,2 миллион тонна нефть маҳсулотлари, 351,4 минг тонна турли кимёвий маҳсулотлар ва минерал ўғитлар, карбамид, селитра, суперфосфатни юқори даражада ишлаб чиқариш салоҳиятига эга.

Фарғонанинг 136 та архитектура, 113 та археологик, 38 та турли маданий ёдгорликлари, 84 та диққатга сазовор жойлари, юзлаб бебаҳо тарихий обидалари дунё сайёҳларини ҳамиша ўзига жалб этади. Риштон кулолчилиги, Марғилон ипакчилиги, Қўқон ҳунармандчилиги жаҳонда довруғ қозонган.

Вилоятда тўқимачилик, тикув-трикотаж, мато ишлаб чиқариш саноати жуда яхши ривожланган. Ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2018 йилнинг сўнггида 3 миллион доллардан ортиқни ташкил қилган бўлса, бунда саноатнинг улуши юқори бўлди. Маҳсулотлар ҳажми 536,5 миллион долларга етиб, унда енгил саноат маҳсулотларининг ҳиссаси каттадир. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотлари эскпорти бўйича Фарғона вилояти Ўзбекистонда етакчи ўринда туради. Қишлоқ хўжалиги  учун ажратилган майдон 564,4 минг гектарни ташкил этиб, боғлар, полиз экинлари, узумчилик, картошкачилик, бошоқли экинлар, сабзавотчиликка алоҳида аҳамият қаратилади.

Фарғона вилояти билан Жанубий Кореянинг Инчхон, Гванжу, Россиянинг Вологда, Пермь, Оренбург, Уфа, Беларусиянинг Гомель, Латвиянинг Рига, Хитойнинг Хубей, Шаньси, қўшни давлатлардан Тожикистоннинг Сўғд, Қирғизистоннинг Баткен вилоятлари ўртасида яқин иқтисодий ҳамкорлик ва дўстона алоқалар йўлга қўйилган. Хитой, Жанубий Корея, АҚШ, Буюк Британия, Россия, Туркия каби давлатларнинг йирик инвесторлари иштирокидаги қўшма ва хорижий корхоналар ишлаб турибди.

2019 йилда вилоятда 46 та хорижий сармоя иштирокидаги корхоналар янгидан ташкил этилиб, уларнинг сони 329 тага етди. Хорижий инвесторларнинг Фарғонага бўлган ишончининг кундан кунга ортиб бориши, хорижлик ишбилармонларга яратилган қулай муҳит ва имкониятлар натижасида кейинги 2 йилда тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этиш ҳажми қарийб 5 маротабага ўсди. Ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти ва инвестицион жозибадорлиги тобора ортиб, атрофдаги бизнес доира вакиллари эътиборини тортиб улгурди.

Фарғона вилоятида 2019 йилнинг май ойидан 2020 йилнинг май ойигача хорижий инвестицияни жалб этишни кескин ошириш ва саноатни ривожлантириш  бўйича “Зарбдор йиллик” эълон қилиниб, унга тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этиш ҳажмини ошириш борасидаги вазифалар белгилаб олинган. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 29 июлдаги фармойишига кўра, вилоятнинг иқтисодиёт ва инвестиция салоҳияти янада юксалтириш мақсадида Фарғона шаҳрида  жорий  йилнинг 7-8 авryст кунлари “Фарғона – Халқаро инвестиция форуми” бўлиб ўтмоқда.

Бу Форумда Жанубий Корея, Хитой, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, Эрон, Россия, Туркия, Белоруссия ва қўшни 28 та давлатнинг йирик инвесторлари, 12 та давлатнинг элчилари ташриф буюрадилар.

Мамлакатимизда иқтисодиётнинг очиқлигини таъминлаш ва қулай инвестиция мyҳитини яратиш мақсадида хорижий давлатларнинг бизнес ҳамжамияти, халқаро ташкилотлар вакиллари вилоятимиздаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун мавжуд салоҳият, имкониятлари билан таништирилади.

Форум давомида Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги элчихоналари билан биргаликда вилоятга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишни кўзда тутадиган келишувлар имзоланади.

Иштирокчилар эътиборига вилоятда фаолият кўрсатаётган ишлаб чиқарувчиларнинг Фарғонада ишлаб чиқарилган” номи остида маҳсулотлар кўргазмаси, инвестиция лойиҳалари вa фойдаланилмаётган, фойдаланишга тайёр саноат биноларининг тақдимоти бўлиб ўтади.

Маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналарига ташриф ташкил этилиб, уларнинг фаолияти билан яқиндан танишиш имкони яратилади. Хорижий меҳмонлар yчун истиқболли инвестиция лойиҳаларининг, бўш турган бино, иншоот ва ер майдонларининг тақдимоти ўтказилади.

Инвестиция форуми доирасида Фарғона вилояти ҳокимлиги раҳбарлари иштирокида маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун манбуот конференцияси ташкил этилади.

“B2G” ва “В2В” форматларидаги кооперацион биржалар ўтказилиб, келишувлар имзоланади. Соҳа мутахассисларининг маърузалари ва Форумга ташриф буюрган xaлқapo молия институти вакили ёки хорижий инвесторлар фикрлари тингланади.

Фарғона вилоятининг диққатга сазовор жойлари ва ҳунармандчилик анъаналари билан танишилиб, инвестиция форуми иштирокчилари yчyн маданий дастур ва миллий либослар кўргазмаси бўлиб ўтади.

Ўтаётган Форум маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар ўртасида бизнес-молиявий ҳамда дўстона алоқаларни ўрнатиш ва мустаҳкамлаш, янги келишувлар ва шартномаларни имзолаш жиҳатидан катта аҳамиятга эга. Ушбу халқаро тадбир томонларга манфаатли ҳамкорлик ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун яхши имкониятдир.

 

Ўз ССП Ахборот хизмати