02.08.2019 1311

Президентлар Ўзбекистон маҳсулотлари кўргазмаси билан танишиб чиқди.


Президент Шавкат Мирзиёев Беларусь Президенти Александр Лукашенко ҳамроҳлигида Минскда ташкил этилган Ўзбекистон миллий саноат кўргазмаси билан танишиб чиқди.

Мамлакатимизнинг кенг турдаги маҳсулот ва хизматлари учун «БелЭкспо» миллий кўргазмалар марказида алоҳида мажмуа ажратилди.

Майдони 3 минг квадрат метр бўлган усти ёпиқ манежда 25 та эксклюзив стендлар қурилиб, “Ўзэлтехсаноат”, “Ўзтўқимачиликсаноат”, “Ўзчармсаноат”, “Ўзбекозиқовқатхолдинг”, “Ўзкимёсаноат”, “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзсаноатқурилишматериаллари”, “Ўзтрейд”, Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари каби етакчи компания ва уюшмалар, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш, Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентликлари маҳсулотлари кўргазмага қўйилган. 500 квадрат метр очиқ майдонда эса автомобиллар, қишлоқ хўжалиги техникалари, юк машиналари, автобуслар ва бошқа товарлар намойиш этилди.

Кўргазмада ўнта вилоятимиздан юздан зиёд корхона ва тадбиркорлик субъектлари ўз маҳсулот ва хизматлари билан иштирок этди. Юртимизнинг туризм салоҳияти тарғиботига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

29 июль куни очилган ушбу кўргазмага Беларуснинг барча ҳудудларидан ишбилармон доиралар, савдо ва саноат ташкилотлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Александр Лукашенкога мамлакатимиз компанияларининг қуввати ва салоҳияти, маҳсулотларнинг сифати ҳақида сўзлаб берди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон компания ва агентликларининг мутасаддиларига Беларусдаги манфаатдор корхоналар билан кооперацион алоқаларни ўрнатиш, қўшма савдо ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

 

Ўз ССП Ахборот хизмати