12.02.2019 2551

Huawei 5G тармоқ станцияларига мўлжалланган жаҳондаги биринчи процессорни тақдим қилди.


Huawei компанияси томонидан тармоқ станциялари учун махсус тарзда ишлаб чиқилган жаҳондаги илк процессор – TIANGANG расман тақдим этилди. Тез орада Барселонада бўлиб ўтадиган Халқаро мобил конгресс (MWC) арафасида Хитойнинг Пекин шаҳрида ўтказилган тақдимот ва матбуот-брифингида Huawei компанияси бутун дунё бўйлаб 5G стандартидаги тармоқларни кенг кўламда йўлга қўйиш жараёнини осонлаштирадиган инқилобий процессорни намойиш қилди. Ҳозирги кунгача Huawei 5G-технологияси бўйича 30 та тендерда ғолиб чиқиб, дунё бўйлаб 25 мингтадан ортиқ 5G-станцияларни сотишга эришди.

Huawei янги технологияларни яратиш ва жорий қилишда давом этиб, бу йўналишга йирик инвестициялар киритмоқда. Унинг яхлит тўпламдаги 5G-процессорлари барча диапазонлардаги (С-диапазон (3.5G) ва 2.6G) тармоқ стандартларини қўллаб-қувватлаган ҳолда мижозларни симсиз алоқанинг энг аъло хизматларидан фойдаланишини таъминлайди.  «Huawei узоқ йиллардан бери фундаменталь фан ва технологиялар ривожига сармоя киритиб келмоқда. Биз 5G стандартини кенг миқёсдаги тижорат мақсадида ишлатиш бўйича энг муҳим технологияларни яратишда биринчи бўлиб улкан ишларни амалга оширдик, – дейди Райан Дин (Ryan Ding), Huawei бошқарувининг ижрочи директори ва Carrier BG бўлимининг бош директори. – Бизнинг компаниямиз ҳозирда соддалаштирилган тармоқлар, техник ёрдам ва фойдаланиш орқали кенг кўламли 5G алоқасига оид хизматларни таъминлашга замин яратадиган соҳадаги энг яхши имкониятларга эга. Биз кенг оммага мўлжалланган 5G тармоғини йўлга қўйиш бўйича сафнинг бошида кетмоқдамиз».

5G тармоқ станциялари учун жаҳондаги биринчи процессор

Телекоммуникация бозоридаги биринчи 5G процессор Huawei TIANGANG интеграция, ҳисоблаш қуввати ва спектраль ўтказиш полосаси бўйича илғор натижаларни қайд этмоқда. Юқори даражада интеграллашган ушбу ечим қувват кучайтиргичлар (PA) ва жуда кичик антенналардаги пассив антенна панжараларининг фаол интеграциясини қўллаб-қувватлайди.  Шунингдек, унинг ҳисоблаш қуввати олдинги процессорларникига қараганда 2,5 марта юқорироқдир. Энг сўнгги алгоритмлар ва нурни шакллантириш технологиялари ёрдамида бир дона мана шундай процессор 64 тагача канални бошқаришга қодир бўлиб, соҳадаги энг юқори стандартларга жавоб ҳам беради. Бундан ташқари, Huawei компаниясининг янги ишланмаси 200 МГц диапазондаги юқори ўтказиш полосасини ҳам қўллаб-қувваталайди, бу эса унинг нафақат жорий тармоқларга, балки келажакдаги тармоқларга ҳам мўлжалланганини далиллайди.

Шу билан бирга, мазкур ечим фаол антенна тизимларини (AAU) модернизация қилишга имконият яратади, бу билан тармоқ станцияларини 50%га кичикроқ ва 23% енгилроқ қилишга, энергия сарфини эса олдинги ечимларга қараганда 21%га камайтиришга эришилади. 5G-станцияларини 4G-станцияларига қараганда икки марта тезроқ йўлга қўйиш мумкин. Бундай хусусиятлар бир қатор техник мураккабликларни бартараф этиш ва сарф-харажатни қисқартиришга ёрдам беради.

Бутун дунё бўйлаб 5G тармоқларини кенг миқёсда тез йўлга қўйишга мўлжалланган соддалаштирилган 5G-ечимлар

Huawei 2018 йилда 5G тармоғини тижорий мақсадда ишга туширишни бошлаб, бу йўналишдаги хизматлар, технологияларни ташқарида синаш ва 5G тармоғидан кенг кўламда фойдаланиш борасида етакчига айланди. 2018 йилнинг охирига келиб компания Хитойда мазкур тармоқдан ялпи фойдаланишгача бўлган барча синов ва текширувларни якунига етказди, ҳозир эса у 5G технологияларини тижорат мақсадида қўллашга тўлиқ тайёр.

2019 йилнинг 9 январь куни blade сериясидаги Huawei 5G станцияси фан ва технологиялардаги тараққиёт (First Class Progress in Science and Technology Prize) учун махсус мукофот билан тақдирланди. Албатта, бу компания эришган муҳим технологик ютуқлар ва бирлаштирилган модуль дизайнининг эътирофидир. Барча тармоқ станциялари «blade» форм-факторида ишланган бўлиб, унда турли модулларни керакли тарзда бирлаштириш имконияти мавжуд. Бундай ечим 5G-станцияни йиғиш ва ўрнатиш жараёнини сезиларли даражада осонлаштиради.

«Huawei компанияси томонидан барча сценарийлар учун (full-series, all-scenario) яратилган тўлиқ серияли содда 5G-ечимлар юқори иш самарадорлиги ва 5G алоқа сифатини таъминлай олади, – деб таъкидлайди Ян Чаобинь (Yang Chaobin),  5G Network йўналиши бўйича Huawei президенти. –Бу ечимлар тармоқларни ишга тушириш жараёнини анча тезлаштиради ва техник хизмат самарадорлигини оширади. Натижада эса 5G технологиясини татбиқ этиш 4G технологиясига қараганда бир мунча осонлашади».

Автоном бошқарув тармоқлари учун сунъий интеллект

Huawei, шунингдек, сунъий интеллектга эга бўлган ва маълумотни қайта ишлаш марказларига мўлжалланган дунёдаги биринчи коммутаторни ҳам тақдим қилди. Ушбу ечим соҳадаги энг юқори иш самарадорлигига эгалиги билан ажралиб туради ҳамда Ethernet пакетларнинг мутлақ фаоллиги ва 10 миллисониядан камроқ вақтда амалга ошадиган комплекс ҳаракатни таъминлайди. Унинг ҳисоблаш қуввати иккита каналли жами 25 та марказий процессордан ҳам юқори бўлишига қарамай, атиги 8 ватт энергия истеъмол қилади.

Шу билан бир қаторда, Huawei автоном бошқарув тармоқларидаги барча иш сценарийларига мўлжалланган тўлиқ портфолиоли сунъий интеллект технологияларини ҳам оммага таништирди, шунингдек, операторларга тармоқнинг энергия ва иш самарадорлигини, техник ва мижозларга хизмат кўрсатиш хизмат кўрсатиш унумдорлигини оширишга ёрдам берадиган SoftCOM AI номли ечимни ҳам ишлаб чиқди.

Тадбир давомида Huawei бошқарувининг ижрочи директори ва Consumer BG бўлимининг бош директори Ричард Юй (Richard Yu) мультистандарт 5G қурилмалари ва тижорат гаджетларига мўлжалланган жаҳондаги энг тезкор процессорларни ҳам эълон қилди.

Халқаро мобил конгресс 2019 йилнинг 25-28 февраль саналарида Барселона (Испания) шаҳрида ўтказилади. Huawei компанияси ўз маҳсулотлари ва ечимларини Fira Gran Via залидаги (1-зал) 1H50 стендида, 3 залдаги 3I30 стендида, «Инновациялар шаҳри» зонасидаги 4 залда ва 7 залда жойлашган 7C21 ва 7C31 стендларида намойиш қилади.

 

uzreport.news