06.12.2018 3073

Молия вазирлигида Фуқаролар учун бюджет ахборот нашрининг тақдимоти бўлиб ўтди.


Молия вазирлигида Нодавлат нотижорат ташкилотлари, тармоқ вазирликлари, Олий таълим муассалари, профессор ўқитувчилари, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг вакиллари, БМТнинг Тараққиёт дастури масъул ходимлари иштирокида Фуқаролар учун бюджет ахборот нашрининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Президентимизнинг бюджет жараёнининг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш юзасидан берган топшириқлари ҳамда халқаро молия институтларининг тавсияларидан келиб чиққан ҳолда фуқароларимизни бюджет соҳасидаги саводхонлигини ошириш мақсадида 2019 йил Давлат бюджети лойиҳаси бўйича “Фуқаролар учун бюджет” ахборот нашри Молия вазирлиги томонидан тайёрланди ва Сизларга ҳавола этилмоқда.

Фуқаролар учун бюджет лойиҳаси БМТнинг Траққиёт дастури билан ҳамкорликда Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг молиявий ёрдамида тайёрланган. Фуқаролар учун бюджет – бу Давлат бюджети тўғрисида, кенг омма (барча фуқаролар) учун қулай ва тушунарли тилда кўрсатилган маълумотлар тўпламидир.

Фуқаролар учун бюджет лойиҳасида иқтисодий термин ва атамалардан иложи борича камроқ фойдаланган ҳолда кўпроқ, инфорграфикалар, мисоллар ва таҳлилий кўрсаткичлардан фойдаланиб, фуқароларга имкон қадар қўпроқ фойдали маълумотларни етказиш мақсад этиб белгиланган.

Фуқаролар учун бюджет лойиҳаси Буюк Британия, Россия федерацияси, Норвегия, Бразилия, Мексика ва бошқа кўплаб етакчи давлатларда чоп этилади. Умуман айтганда, ушбу ахборот нашри фуқароларни Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети маълумотлари билан тўлиқроқ таништиришга ёрдам беради.

Шу билан бирга, Молия вазирлиги масъул ходимлари ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги вакиллари томонидан Тошкент Молия институтида ва Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиалларида ҳам Фуқаролар учун бюджет лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди.

Ушбу Фуқаролар учун бюджет ахборот нашри билан барча фуқароларимиз Молия вазирлигининг www.mf.uz электрон манзили орқали танишишлари мумкин.

Қўшимча равишда шуни маълум қиламизки, 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб фуқаролар ўзларини қизиқтирган Давлат бюджети маълумотларини онлайн тарзда олишлари учун бугунги кунда молия вазирлиги томонидан “Очиқ бюджет” сайти ишлаб чиқилмоқда.


Қуйидаги ҳавола орқали Фуқаролар учун бюджет билан танишишингиз мумкин Презентация